add

Фарғонада қарийб 2,5 минг гектар майдонда туристик зона ташкил қилинади

Bugun 15:321 daqiqa

Президентнинг тегишли қарори билан ташкил этилаётган мазкур зона 30 йил муддат давомида фаолият кўрсатиши кўзда тутилмоқда.

Фарғонада қарийб 2,5 минг гектар майдонда туристик зона ташкил қилинади

Умумий майдони 2 396 гектар бўлган «Фарғона» туристик-рекреацион зонаси ташкил этилади. Бу бўйича Ўзбекистон президентининг ПҚ–5-сонли қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, ушбу туристик зона фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилга ташкил қилинади.

Фарғона туманида «Водил» малина агротуризм кластерини туристик объектга айлантириш учун зарур инфратузилма яратилади ва салоҳиятли тадбиркорларни жалб этган ҳолда малина боғлари ҳудудида енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинади.

Қарорга мувофиқ, 2026–2027 йилларда Ёзёвон тумани Марказий Фарғона сув омбори атрофидаги ер майдонларида туризм хизматларини ташкил қилиш орқали иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, Фарғона тумани «Саноат» ва «Ҳосилот» МФЙ ҳудудларида хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибаси асосида малина плантацияларини ташкил қилиш, музлаткичлар ва чуқур қайта ишлаш цехларини қуриш орқали агротуризм хизматлари йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан Самарқанд шаҳри Қорасув масканидаги «Янги Ўзбекистон» боғи яқинида 5 гектар майдонда «UNESCO боғи» ташкил этилиши ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid