«Миллиардерлар бункери»нинг янги аъзоси: Цукерберг бойлар оролига «қочяпти»
Facebook асосчиси Жефф Безос, Иванка Трамп ва Жаред Кушнер яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтишга қарор қилган.

Америкалик миллиардер Марк Цукерберг АҚШдаги Маями шаҳрининг нуфузли туманидан кўчмас мулк сотиб олмоқчи. The Wall Street Journal ва Bloomberg нашрларининг қайд этишича, у даромад солиғи нолга тенг бўлган Флоридани танлаётган «ўта бойлар» сафига қўшилмоқда.
Цукерберг Бикейн кўрфазидаги Индиан-Крик оролида жойлашган кўчмас мулкка қизиқиш билдирган. Ушбу ҳудуд миллиардлаб долларлик бойликка эга шахслар жуда зич яшаши сабабли «миллиардерлар бункери» номи билан машҳур.
Оролнинг машҳурлиги
Jills Zeder Group брокерлик агентлиги маълумотларига кўра, мазкур оролдан аллақачон Amazon асосчиси Жефф Безос, NFL юлдузи Том Бреди, шунингдек, Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер каби машҳурлар уй сотиб олган.
Кўчмас мулк тафсилотлари ва нархи
The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, Цукерберг қасрни Американинг Jersey Mike's тезкор овқатланиш тармоқлари асосчиси Питер Канкродан сотиб олган. Кўчмас мулк майдони қарийб 8 минг квадрат метрни ташкил этади, келишув қиймати эса 150–200 миллион долларга баҳоланмоқда.
Солиқ қонунчилиги
Нашрнинг таъкидлашича, миллиардернинг ушбу қарори Калифорния солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар билан боғлиқ: 1 январдан бошлаб ушбу штатда бадавлат шахслар учун 5 фоизлик қўшимча солиқ жорий этилган. Флоридада эса регионал даромад солиғи умуман мавжуд эмас.





