Вақт билан пойга: Трамп сайловгача урушни тугатишга улгурадими?
Оқ уй Украинадаги урушни тартибга солиш бўйича июн ойини сўнгги муддат этиб белгилади, бироқ асосий келишмовчиликлар ҳал этилгани йўқ, Москва эса «эйфорияга берилмасликка» чақирмоқда.

Доналд Трамп маъмурияти Киев ва Москва учун норасмий муддат — 2026 йилнинг июнига қадар тинчлик битимига эришиш вазифасини қўйди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Абу-Дабидаги уч томонлама музокараларнинг иккинчи раундидан сўнг маълум қилди. Бироқ асосий муаммо шундаки, Оқ уйнинг улкан режалари ва музокаралар столидаги реал ҳолат ўртасида катта тафовут сақланиб қолмоқда.
Натижасиз музокаралар
БАА пойтахтидаги икки кунлик маслаҳатлашувлар 5 феврал куни ҳеч қандай сезиларли натижасиз якунланди. Ягона аниқ келишув 314 нафар ҳарбий асирнинг алмашинуви бўлди — аслида бу мунтазам равишда амалга ошириладиган, олдиндан режалаштириладиган ва алоҳида дипломатик муваффақият талаб қилмайдиган жараён.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳал қилинмаган масалалар рўйхати гўёки қисқарганини, бироқ «энг мураккаблари» охирига қолганини билдирди. Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига музокаралар жараёнида маълум бир «импулс» борлигини қайд этиб, энг нозик масалалар бевосита етакчилар даражасида ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлади.
Ҳудудий масала ҳамон асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Россия Украина қўшинларининг Донбассдан тўлиқ олиб чиқилишини ва бу ҳудудларнинг Россия таркибий қисми сифатида халқаро миқёсда тан олинишини талаб қилмоқда. Киев эса бундай сценарийни қатъиян рад этяпти.
«Мураккаб саволлар мураккаблигича қолди. Биз қаерда турган бўлсак, ҳали ҳам ўша ердамиз», — деди Зеленский ва шу тариқа Донбасс масаласида Киевнинг позицияси ўзгаришсиз қолаётганини билдирди.
Запорожижя атом электр станциясининг мақоми бўйича ҳам келишувга эришишнинг имкони бўлмади. АҚШнинг Донбассда эркин иқтисодий зона ташкил этиш ҳақидаги таклифи Украина томонидан шубҳа билан кутиб олинди.
«На Украина, на Россия эркин иқтисодий зона ғоясидан ҳеч қачон мамнун бўлмаган», — дея таъкидлади Украина президенти.
Оҳанг ўзгарди, аммо позициялар эмас
Шунга қарамай, айрим кузатувчилар музокаралар муҳитида ўзгаришлар юз бераётганини қайд этишмоқда. Маслаҳатлашувлар жараёнидан хабардор манбаларнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси бирмунча конструктив йўл тута бошлаган.
«Илгари бу музокаралар анестезиясиз тиш суғиришни эслатар эди», — дейди америкалик ташқи сиёсат бўйича экспертлардан бири Politico нашрига берган интервьюсида. Унинг баҳолашича, Россия вакиллари — БРБ (Бош разведка бошқармаси) раҳбари Игор Костюков ва ҳарбий разведка офицери Александр Зорин Лавровнинг низонинг «тарихий илдизлари» ҳақидаги одатий гапларидан фарқли ўлароқ, ўзларини ишчан тутиб, амалий тафсилотларга чуқурроқ киришмоқда.
Зеленский ҳам ушбу силжишни тасдиқлади: «Россия делегацияси «тарихга назар» қабилидаги риторикадан воз кечиб, янада амалий муҳокамаларга ўтган». Шунга бўлса-да, у қуйидагича огоҳлантириш берди: «Ўртамизда ҳамон ишонч йўқ. Биз уларга ишонолмаймиз, улар ҳам бизга ишонишмайди».
Трамп шошиляпти
Оқ уйнинг қуролли низони ёз бошигача тўхтатишга бўлган шиддатли интилиши АҚШнинг ички сиёсий тақвими билан боғлиқ. 2026 йил ноябр ойида АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар бўлиб ўтади ва амалдаги маъмуриятга сайловчилар ишончини қозониш учун ташқи сиёсатдаги йирик ғалабалар сув ва ҳаводек зарур.
«Улар учун сайловлар, шубҳасиз, муҳимроқ. Келинг, содда бўлмайлик», — дея очиқчасига баёнот берди Зеленский.


Бундан ташқари, 4 июл куни Америка ўз мустақиллигининг 250 йиллик юбилейини нишонлайди. Бу Доналд Трамп учун ўзининг дипломатик зафарини бутун дунёга намойиш этиш учун ғоят рамзий санадир.
АҚШ музокараларнинг навбатдаги босқичини ўз ҳудудида — тахминан Маямида ўтказишни таклиф қилди. Украина ушбу учрашувда иштирок этишини тасдиқлаган бўлса-да, Кремл ҳозирча бундай учрашув режалаштирилмаганини маълум қилди.
Москва огоҳлантирмоқда, иқтисодий танглик эса ортяпти
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «НТВ» телеканалига берган интервьюсида Трампнинг европаликлар ва Украинага ўтказаётган босимига ортиқча баҳо бермасликка чақирди.
«Биз содир бўлаётган воқеаларни — гўёки АҚШ президенти Доналд Трамп европаликлар ва Володимир Зеленскийнинг «ўрнини кўрсатиб қўйгани» ҳамда улардан маълум талабларни бажаришни сўраётгани ҳақидаги тасаввурларни ҳаяжон билан қарши олмаслигимиз керак... Агар биз Украинада тинчликка эришишни истасак, буларнинг барчаси яхши, албатта, бироқ ҳозирча биз у даражага етганимиз йўқ», — деди вазир. Унинг сўзларига кўра, олдинда «ҳали анча масофа» бор.
Шу билан бирга, Россиядаги иқтисодий вазият тобора хавотирли тус олмоқда. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 2024 йилдаги 4,9 фоиздан 2025 йилда 1 фоизгача секинлашди, 2026 йил учун прогнозлар эса пессимистиклигича қолмоқда. Инфляция 6,4 фоиз даражасида сақланиб турибди, асосий ставка эса 15 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳарбий харажатларни молиялаштириш мақсадида Кремл соғлиқни сақлаш, фуқаро авиацияси ва энергетика инфратузилмаси бюджетларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Ҳатто ҳарбий хизматчиларга Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолагани учун тўланадиган мукофот пуллари ҳам камайтирилди. Россияда эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 65 ёшга тушиб қолди.
Ғарб таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия армиясининг йўқотишлари (ҳалок бўлганлар ва ярадорлар) 1,2 миллион кишига етган. Шу билан бирга, Донбассдаги силжиш суръатлари Сомма жангидаги хандақ урушини эслатмоқда. Босқин бошлангандан буён 500 мингдан бир миллионгача россияликлар мамлакатни тарк этди — бу 1917 йилги инқилобдан кейинги энг йирик миграция тўлқинидир. Илгари санкциялар барбод бўлганининг исботи сифатида ЯИМ ўсишини кўкларга кўтариб мақтаган Россия ОАВлари энди иқтисодий турғунлик ва технологик қолоқлик ҳақида ёза бошлади.
Нефтдан тушадиган даромадларнинг камайиши ҳам қўшимча босим ўтказмоқда: Трампнинг Ҳиндистон билан эришган савдо келишувлари Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан Россия нефтини сотиб олиш ҳажмининг кескин камайишига олиб келди. АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг «соя флоти» кемаларини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлари Кремлнинг молия оқимларини янада чекламоқда.
Украинадаги энергетика инқирози
Украина, ўз навбатида, ўта оғир энергетика инқирози даврини бошдан кечирмоқда. Россиянинг зарбалари мамлакатнинг энергия ишлаб чиқариш қувватларини тизимли равишда йўқ қилмоқда. Абу-Дабидаги музокаралар арафасида Россия 450 та дрон ва 71 та ракета билан ҳужум қилди — бу уруш бошланганидан буён энергетика тизимига баллистик ракеталар билан берилган рекорд даражадаги ҳужум эди. Ушбу ҳужумнинг қиймати 325 миллион долларга баҳоланмоқда.


«Путин бомбардимонлар, террор ва агрессия орқали нимагадир эришиш мумкинлиги ҳақидаги хомхаёллардан воз кечиши керак. На Абу-Дабидаги кутилаётган дипломатик саъй-ҳаракатлар, на унинг Америка Қўшма Штатларига берган ваъдалари уни қаҳратон қишда тинч аҳолига қарши террорни давом эттиришдан тўхтатиб қола олди», — деди Украина ташқи ишлар вазири Сибига.
Зарбалар оқибатида Украина назоратидаги ҳудудларда жойлашган барча атом электр станциялари қувватни пасайтиришга мажбур бўлди. Бурштин иссиқлик электр станцияси (ИЭС) ишини бутунлай тўхтатди, натижада ҳаво ҳарорати минус 20 даража бўлишига қарамай, шаҳар сув ва иссиқлик таъминотисиз қолди.
АҚШ энергетика соҳасида сулҳ тузишни таклиф қилди ва Украина Россиянинг нефт-газ объектлари ҳамда «соя флоти» танкерларига зарба беришни тўхтатиб, ушбу келишувга риоя қилишга тайёрлигини билдирди. Бироқ Трампнинг илтимосига кўра эришилган аввалги танаффус келишуви бор-йўғи тўрт кун давом этди.
Параллел музокаралар
Зеленский илк марта Украина иштирокисиз кечаётган АҚШ ва Россия ўртасидаги икки томонлама музокараларга ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг махсус вакили Кирилл Дмитриев қиймати 12 триллион долларгача бўлган иқтисодий ҳамкорлик «пакетини» илгари сурмоқда.
Украина президенти АҚШ-Россия ўртасидаги ҳужжатда Киев учун қабул қилиб бўлмайдиган ёки ҳатто конституцияга зид бўлган — масалан, босиб олинган ҳудудларни тан олишга доир «Украина ҳақида»ги бандлар бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бироқ воқелик Дмитриевнинг реклама характеридаги ваъдаларидан кўра анча мураккаб. Иқтисодий нуқтаи назардан Россиянинг АҚШга таклиф қиладиган нарсаси жуда кам, урушнинг давом этиши эса бу «савдо»ни янада қийинлаштиради.
Истиқболлар
Муроса зарурлиги ҳақида Европада ҳам гапиришмоқда. Германия ҳукумати Москвани «максималистик талаблар»дан воз кечишга ва келишув йўлларини излашга чақирди.
Украиналик сиёсатшунос Владимир Фесенконинг фикрича, агар Трамп фақат қисқа муддатли сулҳ сўраш билан чекланиб, «Кремл қоидалари асосида ўйин»ни давом эттирса, бу жараённи янада чўзади ва Россия ултиматумларининг кучайишига хизмат қилади. Шунга ўхшаш фикрни Bloomberg вакили Марк Чемпион ҳам билдирди: унинг фикрича, ҳар икки давлат аҳолиси урушдан чарчаган ва бу вазиятни тартибга солиш учун замин яратади, бироқ келишувга эришиш учун Оқ уй Москвага «сиёсий ҳимоя» бериш ўрнига, унга босим ўтказиши лозим.
Аммо Оқ уй ҳам, Кремл ҳам қатъиян ҳисобга олишни истамаётган бир омил бор — бу украин халқининг иродаси. Ҳатто дипломатик силжиш юз берган тақдирда ҳам, тинчликка олиб борадиган йўл қисқа бўлмайди. Reuters маълумотларига кўра, ҳар қандай келишув умуммиллий сайловлар билан бир вақтда украиналик сайловчиларнинг референдумига қўйилади. Демак, Украинанинг тақдирини Американинг сўнгги муддатлари ёки Россиянинг талаблари эмас, балки украин халқининг ўзи белгилайди.





