Ўзбекистон Тожикистон экспорт қилаётган кўмирнинг деярли ҳаммасини сотиб олган
Кўмир савдоси Тожикистон иқтисодиётига тахминан 6,5 миллион доллар даромад келтирган.
© Фото: Asia-Plus2025 йилда Тожикистон хорижга жами 558,7 минг тонна кўмир етказиб берган. Шундан 558,2 минг тоннаси Ўзбекистон томонидан сотиб олинган. Бошқа бир қўшниси — Афғонистонга атиги 474 тонна кўмир юборилган. Бу ҳақда Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали маълум қилди.
Қайд этилишича, Тожикистонда 2025 йилда 2,8 миллион тоннадан ортиқ кўмир қазиб олинган. Бу 2024 йилга нисбатан 235 минг тоннага ёки 10 фоизга кўп. Кўмир қазиб олиш ишлари 20 та корхона томонидан 15 та конда олиб борилган.
Экспорт ҳажми
Тожикистон хорижга 558,7 минг тонна кўмир етказиб берган, бу 2024 йилга нисбатан 42 фоизга кўпдир. Асосий харидор Ўзбекистон бўлган, у умумий ҳажмнинг 99,91 фоизини ёки 558,2 минг тоннасини сотиб олган. Афғонистон эса атиги 474 тонна кўмир харид қилган. Кўмир экспорти мамлакатга тахминан 6,5 миллион доллар даромад келтирган.
Тожикистон ичида 2,27 миллион тонна кўмир реализация қилинган бўлиб, шундан 800 минг тоннаси Душанбедаги 2-Иссиқлик электр марказига етказиб берилган. Тахминан 451 минг тоннаси аҳолига сотилган.
Қайд этилишича, яқин йилларда янги кўмир корхоналарини қуриш режалаштирилган. Кўмир саноатига инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш бўйича Россия, Хитой, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Ўзбекистон компаниялари билан иш олиб борилмоқда.





