add

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар рўйхати эълон қилинди

Bugun 11:352 daqiqa

Олий суд экстремистик ва террористик деб топилган қарийб 1400 та интернет манбани расман очиқлади.

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди интернет жаҳон тармоғида диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ва материаллар рўйхатини эълон қилди. (Рўйхат)

Маълум қилинишича, 2025 йил 8 январ ҳолатига кўра, рўйхатга жами 1 минг 389 та турли профил, канал ва материал киритилган. Уларнинг катта қисми ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқатилган контентлардан иборат экани қайд этилмоқда.

Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғида 203 та профиль ва материал, Telegram мессенжерида 713 та канал, гуруҳ ва материал, Instagram'да 226 та профиль аниқланган. Шунингдек, You Tube'да 135 та канал ва видео, «Odnoklassiki» тармоғида 35 та материал ҳамда TikTok платформасида 44 та профил рўйхатга киритилган.

Бундан ташқари, интернет тармоғида жойлашган 13 та сайт ва алоҳида материаллар, шунингдек, 20 та турли китоб, маъруза ва нашидалар ҳам тақиқланган манбалар сифатида қайд этилган. Суд маълумотларига кўра, ушбу контентлар диний ақидапарастлик ва зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш билан боғлиқ деб баҳоланган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов фуқароларни бундай материаллардан йироқ бўлишга, интернет маконида онгли ва эҳтиёткор бўлишга чақирди. Унинг таъкидлашича, қонун талабларига риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Қонунчиликка мувофиқ, Жиноят кодексининг 244-1-моддасига кўра, бундай материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, 244-3-моддада диний мазмундаги материаллар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жарима ва бошқа жазо чоралари белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid