«Вагнер» сояси: Кремл куч ишлатар тузилмаларни тўлиқ назоратга олмоқда
Росгвардия Бош штаб назоратига ўтказилди, бу ҳарбий бошқарувнинг янада кучайишидан далолат беради.

Украинада давом этаётган уруш фонида Кремл куч ишлатар тузилмаларни бошқариш тизимини ўзгартирмоқда — Россияда Росгвардияни Бош штаб назоратига ўтказиш ҳақида фармон имзоланди. Бу ҳарбий раҳбариятнинг янада марказлашаётганидан далолат беради. Бу ҳақда Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида маълум қилинди.
Куни кеча Россия ҳукумати Бош штабни Россия гвардияси қисмларини бошқаришнинг асосий органига айлантирувчи ҳужжатни тасдиқлаган эди.
Бош штабнинг янги ва кенгайтирилган ваколатлари
Бош штаб тинчлик ва уруш даврларида мазкур кучларни бошқариш ва улардан фойдаланишни мувофиқлаштириши, уларнинг ривожланишини режалаштириш жараёнида қатнашиши, жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигига жавобгар бўлиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, ташкилот шахсий таркибни тайёрлаш, разведка олиб бориш, жанговар таъминот ва Росгвардия бўлинмалари учун бошқарув тизимларини яратиш бўйича кенгайтирилган ваколатларга эга бўлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, Россия Хавфсизлик кенгаши Фавқулодда вазиятлар вазирлигини тугатиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Вазирлик ходимларининг бир қисми Росгвардия таркибига ўтказилиши мумкин. Манбаларнинг қайд этишича, 50 минг нафаргача қутқарув бўлинмалари ходимлари, сапёрлар ва бошқа мутахассислар янги тизимга интеграция қилиниши кутилмоқда.
Вагнер исёни сабоқлари ва Герасимовнинг сиёсий ғалабаси
Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай кадрлар ва таркибий ўзгаришлар 2023 йил июнидаги «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси исёнидан сўнг куч ишлатар тизим устидан назоратни кучайтиришга қаратилган. Росгвардиянинг Бош штаб тасарруфига ўтказилиши Кремлнинг барча қуролли тузилмаларни Мудофаа вазирлиги шафелигида максимал даражада марказлаштириш йўлидаги ҳаракатларини давом эттираётганини кўрсатади.
«Росгвардия ва Россия мудофааси олий қўмондонлиги бўлинмаларининг Бош штабга бўйсундирилиши Герасимовнинг куч ишлатар тузилмалар устидан назоратини сезиларли даражада оширади. Бу эса Путин Герасимовни ўзига содиқлиги учун мукофотлаётганини ва Герасимов ҳамон Путиннинг атрофида марказий ўрин тутаётганини англатади», — дея хулоса қилади экспертлар.





