
Вояга етмаганларга тақиқланаётган ижтимоий тармоқлар: сабаблар, тадқиқотлар ва экспертлар фикри
Айрим давлатлар болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклади ва яна баъзиларида шу ташаббус илгари сурилмоқда. Бунинг келиб чиқиш сабаблари, тадқиқотлар ва экспертлар фикри — Vaqt.uz таҳлилида.

Интернет ва ақлли технологияларнинг ривожланиши кўплаб имкониятлар яратиш билан бирга инсониятга турли хавфлар, зарарлар ҳам туғдирмоқда. Шу сабабдан ҳам, дунёнинг қатор мамлакатларида вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш масалалари кўтарилмоқда. Ҳатто, бир нечта давлатлар бу чекловни амалда жорий этишга ҳам улгуришди. Яна бир қанчасида эса бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилган.
Ташаббусни илгари сурган давлатлар
Дунёда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқларни расман чеклашда илк қадамни Австралия ташлади. Мамлакат парламенти 2024 йил ноябр ойида ижтимоий тармоқларга 16 ёшдан кичиклар учун киришни тақиқловчи қонунни маъқуллади. Ушбу қонун 2025 йил 10 декабрдан кучга кирди. Қонун ижтимоий тармоқ операторларини ёшни текшириш тизимини жорий қилишга, 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг аккаунтларини блоклашга мажбур қилади.

АҚШда ҳам болалар учун тармоқларга киришни чеклаш бошланган. Жумладан, Флорида штати ҳокими Десантис 2024 йилда 16 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни имзолади. Бу қонун 2025 йил 1 январдан кучга кирган.
Бутун дунёни смартфонлар ва бошқа ақлли технологиялар билан таъминлаётган Хитой ҳукумати эса болаларга кунига 1 соатдан кўп ўйин ўйнамаслигини белгиловчи чеклов жорий этган.
Малайзия ҳукумати ҳам бу бўйича қонун лойиҳасини 2025 йил ноябр ойида эълон қилди. Ушбу мамлакат ҳам 2026 йилда ижтимоий тармоқларни 16 ёшгача бўлганларга тақиқлашни режа қилган.
Евро давлатлари орасида ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш кузатилмоқда. Дания ҳукумати 2025 йилда 15 ёшгача бўлган вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлашни кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, Францияда 15 ёшдан кичиклар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиши учун ота-она розилиги талаб қилинадиган тартиб мавжуд эди. Энди эса мамлакат 2026 йилнинг 1 сентябридан бошлаб 15 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни буткул чеклашни режалаштирмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам бу каби чекловлар бўйича қадамлар ташланяпти. Жумладан, Қозоғистонда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқ ва баъзи платформаларда рўйхатдан ўтишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бу нафақат давлатлар орасида, балки минтақавий масала сифатида ҳам кўрилмоқда. 2025 йил ноябрида Европа Парламенти 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашга чақирди.
Ўзбекистонда айнан бу масала бўйича ташаббуслар илгари сурилгани йўқ. 2025 йил 31 июлда Олий Мажлис Сенатида вояга етмаганларга нисбатан Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Лекин бу вояга етмаганларнинг Интернетдан фойдаланишини тартибга солиш юзасидан дастлабки қадам бўлиши ҳам мумкин.
Чекловлар учун кўрсатилаётган сабаблар
Юқорида санаб ўтилган мамлакатлар чеклов ўрнатишининг қатор сабаблари бор, албатта. Хорижда ўтказилган бир қанча тадқиқотлар ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг қатор зарарли томонларини очиб берган.
Депрессия, хавотир ва ёшлар орасида салбий кайфият:
АҚШдаги тадқиқотга кўра, кунига 3 соатдан ортиқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган 13–17 ёшдагилар руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга (депрессия, хавотир) икки баробар кўпроқ дуч келади.
Бошқа тадқиқотларда ижтимоий тармоқлар психологик зўриқиш, ўзини паст баҳолаш ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрларини ошириши билан боғланган.
Ўсмирларнинг ижтимоий медиа билан боғлиқ психик ҳолатларини ўрганган тадқиқотда ҳам, тармоқларда кўпроқ вақт сарфлайдиганлар ўзларининг реал ҳаётдаги муносабатидан камроқ мамнун бўлишган ва бу руҳий ҳолатни ёмонлаштирган.
Ўзини ўзгаларга таққослаш ва ўзига салбий муносабат:
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тез-тез бошқалар билан ўзини таққослашга олиб келади, бу эса ўзига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келади. Масалан, Инстаграм каби платформаларда тана мушакларини шакллантириш билан шуғулланувчилар акс этган контент кўрадиган ўсмирлар ўз танасидан норози бўлишини кўрсатадиган тадқиқотлар ҳам мавжуд.

Уйқу сифатининг бузилиши:
Кўп вақт экран қараш (айниқса, уйқудан олдин) уйқу сифатини ёмонлаштиради. Чунки бу мияни доимий стимуляция қилади ва у дам олишга имкон бермайди. Бу ҳолат тиббиёт томонидан тасдиқланган.
Кибербуллинг ва онлайн зўравонлик хавфи:
Кибербуллинг – бу интернет ёки телефон орқали камситиш, ҳақорат қилиш, қўрқитиш ёки атайлаб ранжитишдир. Интернетда ижтимоий тармоқлар орқали таъқиб ва кибербуллинг кўп учрайди. Бу эса ёшлар ўртасида руҳий саломатликнинг ёмонлашуви ва одамларга қўшилмасликка олиб келади. Тарқатиладиган зарарли контентлар ўсмирлар онгига чуқур таъсир кўрсатиши мумкинлиги бўйича тадқиқотлар мавжуд.
Эътибор чалғиши ва қарамликнинг юзага келиши:
Медиадан меъёрдан ортиқ ёки қарамлик босқичида фойдаланиш, бошқаларнинг муносабатига ҳаддан ортиқ боғланиш ва назоратни йўқотиш кўринишлари ёшлар учун психологик хавфни оширади.
Америка педиатрия журналларида, «экранлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш» белгиларига эга ўсмирларда ўз жонига қасд қилишга уринишгача олиб келиши аниқланган тадқиқотлар ҳам бор.
Экспертлар фикри
Ўзбек экспертлари орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳақида фикр-мулоҳазалар йўқ эмас.
Жумладан, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бу ҳақда шундай деб ёзган:
«Ўйлайманки, ижтимоий тармоқларни ҳукуматлар худди сигаретлар каби тартибга солиши керак. Менимча, кейинги 10-15 йилда ёш болаларга кириш анча чекланади».
Шунингдек, таълим соҳасидаги тадбиркор Азиз Раҳимов медиадан фойдаланишга умумий тақиқни кутмасдан, буни ўзимиз назоратга олишимиз кераклиги ҳақида ёзади:
«Ёшларнинг сифати тушиб бораётгани давлатларни ҳам хавотирга сола бошлади. Бу кетишда аксар давлатлар тармоқларни маън қилиб чиқишади ёки ёшлар янги йўлларини топаверганидан таслим бўлишади. Биз умумий тақиқни кутишимиз шарт эмас. Оиламизда қўллашни бошлашимиз мумкин. Чунки ижтимоий тармоқдан фойдаланишнинг зарари аниқланганида, кеч бўлади».
Тиббий психолог, психотерапевт Гули Тўраеванинг Vaqt.uzʼга таъкидлашича, технологиялар қанчалик ривожланиши ёки улар берган қулайликлар сабаб ҳаётимиздаги ўрни ортиши инсон миясининг ишлаш ва шаклланиш босқичларини ўзгартириб қўймайди. Яъни, унинг фикрича, миянинг шаклланиши, ривожланиши табиий, реал мулоқотларга ва воқеликларга боғлиқ:
«Келинг, буни нейробиологик жиҳатдан бир таҳлил қилиб чиқсак. Инсонда 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган муддатда мия тўлиқ шаклланади. Яъни, мияда кортекс қисм бор – префронтал қисм. У қарорларни мустақил қабул қилиш, фикрлаш, назорат қилишга жавоб беради. Дофамин тизими ҳам бор, у мукофотлаш ва рағбатлаш эмоцияларини беради. Шунингдек, лимбик – ҳиссиётлар тизими ҳам мавжуд. Айнан 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган даврда мана шу тизимлар шаклланиб, ривожланиб боради. Шахс сифатида шаклланади, дейиш ҳам мумкин. Маълум ўринларда эмоцияларини ақл билан назорат қилишни ўрганиш ҳам айни шу даврга тўғри келади».
Мутахассиснинг айтишича, ижтимоий тармоқлар айнан дофамин тизимига мослаштирилган. Улардаги қисқа видеолар (reels, shorts), лайклар, хабарномалар инсонда тез-тез дофамин ажралиб чиқишига сабаб бўлади.
«Бунда одам қисқа фурсатларда кўп марталаб рағбат ҳиссини туяди. Бунинг натижасида, айниқса, болаларда сабрсизлик, тоқатсизлик, бошлаган иши ва вазифаларини охиригача етказмаслик, чуқур фикрлашнинг камайиши каби ҳолатлар юзага келади», — деди у.
Гули Тўраевага кўра, сўнгги пайтларда ҳам ўтказилган илмий-тадқиқотлар узоқ муддат экранга қараш префронтал қисмнинг шаклланишига, ривожланишига тўсқинлик қилишини кўрсатмоқда. Шунингдек, диққатнинг камайишига ҳам сабаб бўлади. Бу эса узоқ муддат ва самарали ишлай олмасликка олиб келади.
«Бошқа томондан эса «Z», «Алфа» авлодлар технологияларга тез киришувчан дейилади. Лекин уларнинг бу хусусияти юқорида айтилган мия префронтал қисми ривожланишининг мезони эмас. Инсон ҳаётда ўз олдига қўйган бирон мақсадига ва катта натижаларга эришиши учун узоқ диққат, интизом, таҳлилий фикрлаш керак бўлади. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш эса бу хусусиятлар шаклланишига жуда ҳам халақит қилади», — деди мутахассис.
Психотерапевтга кўра, миядаги кортекс қисм 18 ёшдан 25 ёшгача яхши ривожланса, инсон эмоцияларини бошқара олади, қарорларни мустақил қабул қилолади. Бу кўникмалар бошқалар билан жонли мулоқотлар қилиш, ҳис этиш орқали шаклланади.
«Лекин ижтимоий тармоқларда булар табиий кечмайди ва ҳақиқий мулоқотлардан кўра тезроқ бўлади. Ижтимоий тармоқлардан нотўғри, мақсадсиз фойдаланиш одамларда ўз ҳиссиётларини бошқара олмаслик, сабрсизлик, тоқатсизлик, асабийлашиш каби невротик ҳолатларни келтириб чиқариши ҳам мумкин», — деди Гули Тўраева.
Шунингдек, психолог аввало ота-оналар ижтимоий тармоқлардан тартибли фойдаланишни ўрганишлари кераклигини таъкидлади.
Вояга етмаган болалар учун ижтимоий тармоқларнинг тақиқланиши сабабларидан бири сифатида ҳали уларда ўзлари қабул қилаётган ахборотни танқидий, таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқиб, саралай олиш кўникмасининг йўқлигини ҳам келтириш мумкин. Баъзи мамлакатлар болаларда ушбу кўникмани ҳосил қилиш учун мактабларда «Медиа саводхонлик» дарсларини жорий қилган. Финландия ва Канада каби давлатлар бунга мисол бўлолади.
Дунёнинг кўпгина давлатларида вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш режалаштирилмоқда. Бир қанчаси эса аллақачон чеклов жорий қилган. Қўшни мамлакат, Қозоғистонда ҳам бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани юқорида айтиб ўтилганди. Бироқ ҳозирча Ўзбекистонда мутасаддилар ёки жамоатчилик фаоллари орасида ҳам бу масала бўйича кескин ташаббус билан чиққанлар йўқ.
Teglar






