Европа «Visa» ва «Mastercard»га муқобил тўлов тизими яратмоқчи
Европа Иттифоқи тўлов инфратузилмасида АҚШга қарамликни стратегик хавф деб баҳолаб, «Visa» ва «Mastercard»га муқобил ягона европа тизимини яратиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Европа Иттифоқи тўлов инфратузилмасида АҚШ компанияларига қарамликни камайтириш йўлини изламоқда. «Financial Times» хабарига кўра, Европа тўлов ташаббуси (EPI) бош директори Мартина Ваймерт «Visa» ва «Mastercard»нинг устун мавқеи геосиёсий босим воситасига айланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Унинг таъкидлашича, трансатлантик муносабатлар ёмонлашган тақдирда, АҚШ назоратидаги тўлов тизимлари Европа иқтисодиёти учун жиддий риск туғдиради. Шу сабабли, ягона европалик тўлов тизимини шакллантириш «умумевропа устувор вазифаси» сифатида қаралмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда еврозонадаги карта орқали амалга ошириладиган тўловларнинг катта қисми айнан америкалик операторлар ҳиссасига тўғри келади.
Тўлов бозори манзараси
Европа марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилда еврозонадаги барча карта тўловларининг қарийб учдан икки қисми «Visa» ва «Mastercard» орқали ўтган. Европа Иттифоқига аъзо 13 та давлатда эса умуман миллий тўлов муқобили мавжуд эмас.
ЕМБ Бошқарув кенгаши аъзоси Пиэро Чиполлоне бир неча бор Европа ташқи назоратдаги молиявий инфратузилмаларга ортиқча боғланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлаган. Унинг фикрича, тўлов тизими иқтисодий суверенитетнинг муҳим элементи ҳисобланади.
Мавжуд миллий тизимлар бор мамлакатларда ҳам улардан фойдаланиш улуши йил сайин қисқариб бормоқда, бу эса Европа учун тизимли муаммога айланмоқда.
Wero ва рақамли евро
Муаммога жавоб сифатида EPI 2024 йилда «Wero» мобил тўлов хизматини ишга туширди. У «Apple Pay»га европа муқобили сифатида тақдим этилмоқда. Мартина Ваймертнинг айтишича, ҳозирда «Wero» Белгия, Франция ва Германияда 48,5 млн фойдаланувчига эга.
2027 йилга бориб, ушбу сервис онлайн ва офлайн тўловларни ҳам қамраб олиши кутилмоқда. Узоқ муддатли ечим сифатида эса рақамли евро кўриб чиқилмоқда. ЕМБ уни 2029 йиллар атрофида жорий этишни режалаштирмоқда.
Бироқ Ваймертнинг огоҳлантиришича, геосиёсий кескинлик кучайган шароитда рақамли евро кечикиб қолиши мумкин. Шу боис Европа ўз тўлов мустақиллигини тезроқ таъминлашга интилмоқда.
Аввалроқ АҚШнинг «Visa» тўлов тизими транзакциялар сони бўйича етакчиликни сақлаб қолаётгани ҳақида хабар берган эдик.





