Россияда барча банк карталари ягона базага жамланади
Марказий банк россияликларнинг барча банк карталари бўйича ягона реестр яратишни режалаштирмоқда, янги тизим карталар сонини чеклаш ва молиявий фирибгарликка қарши курашга қаратилган.

Россияда барча фуқароларга тегишли банк карталари бўйича ягона база яратилади. Бу ҳақда Давлат думасидаги йиғилишда Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Иван Лебедев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташаббус Россия Марказий банки томонидан амалга оширилади ва база бир йил ичида ишга туширилиши кутилмоқда.
Ягона тизим орқали ҳар бир фуқаронинг қайси банкда нечта карта очгани аниқ кўриниб туради. Лебедевнинг таъкидлашича, бу сервис асосан карталар сонига белгиланадиган лимитларни назорат қилиш учун қўлланилади. Мақсад — дропперлар, яъни фирибгарлар пул чиқариш учун фойдаланадиган воситачилар фаолиятини чеклаш.
Расмийларга кўра, ҳозир кўплаб фуқаролар қўлида кредит, маош ва ҳатто чегирма карталари ҳам банк картаси мақомига эга бўлиб, уларнинг умумий сони назоратсиз қолмоқда.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар
2025 йил декабр ойида Давлат думаси интернет фирибгарлигига қарши иккинчи йирик қонунлар пакетини муҳокама қилишни бошлаган. Ҳужжатда бир шахс номи билан расмийлаштирилиши мумкин бўлган карталар сони 20 та билан чекланиши таклиф этилган. Шу билан бирга, бир банкда бештадан ортиқ карта очиш тақиқланиши ҳам назарда тутилган.
Бироқ Давлат думасининг ахборот сиёсати қўмитаси ушбу меъёрга эътироз билдириб, уни олиб ташлашни таклиф қилди. Қўмита фикрича, бу талаб фуқароларни сунъий равишда бир нечта банк хизматларидан фойдаланишга мажбур қилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда бугун, 10 феврал куни кўриб чиқилиши режалаштирилган. Карталарга лимит қўйиш ташаббусини илк бор 2025 йил март ойида Эльвира Набиуллина илгари сурган эди.
Дропперлар муаммоси
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр ойи охирига келиб Россияда 1,2 млн дроппер аниқланган. Бу кўрсаткич 2024 йил декабрига нисбатан қарийб икки бараварга ошган. Уларнинг учдан бири хорижий паспорт эгалари ҳисобланади.
Регулятор ҳар ой камида 100 мингта шубҳали ҳисобварақни аниқламоқда, бундай шахслар одатда 20–30 та банкда ҳисоб очади. Илгари худди шундай механизм SIM-карталар учун ҳам жорий этилган эди — барча рақамлар ягона базага жамланиб, «Госуслуги» орқали назорат қилинмоқда.





