Андижонда кўп қаватли уйда газ портлади: икки киши жароҳатланди

Kecha 07:581 daqiqa

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйда тун ярмида газ-ҳаво аралашмаси чақнади. Икки фуқаро жароҳат олди, аҳоли эвакуация қилинди. Ҳодиса юзасидан текширув бошланди.

Андижонда кўп қаватли уйда газ портлади: икки киши жароҳатланди

Андижон шаҳри Нодирабегим маҳалласида жойлашган кўп қаватли турар жой биноларидан бирида 11 феврал куни соат 23:55 да газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда хабар 112 тизими орқали вилоят ФВБга келиб тушган.

Хабарга кўра, вилоят ФВБ раҳбарияти ва қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиқмаган ва қўшни хоналарга зарар етмагани маълум қилинмоқда. Бироқ кўп қаватли уй ҳовлисида турган кўплаб автомашиналарга зиён етган.

Вилоят ФВБ маълумотига кўра, ҳодиса натижасида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки текширув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилинган видеолавҳада чақнаш уйнинг юқори қаватида содир бўлганини кўриш мумкин. Ҳодиса жойига вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов ҳам етиб келган.

Юқори қаватда яшовчи аҳоли хавфсизлик мақсадида эвакуация қилинган. Тун давомида қутқарув ва махсус хизматлар томонидан бинодаги хавфли ҳолатлар бартараф этилган.

Мутахассислар дастлабки хулосага кўра, чақнашга газ-ҳаво аралашмасининг тўпланиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Аниқ сабаблар экспертиза натижаларига кўра маълум қилинади.

Масъул идоралар фуқароларни газ жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва бино ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid