Фарғонада россияликларнинг пулларини ўзлаштирган фирибгарлар гуруҳи фош этилди

Kecha 09:572 daqiqa

34 кишидан иборат жиноий гуруҳ турли банк пластик карталар орқали жами 9 млн 599 минг 561 рубл миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирган.

Фарғонада россияликларнинг пулларини ўзлаштирган фирибгарлар гуруҳи фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида халқаро миқёсда йирик миқдорда фирибгарлик содир этган 34 кишилик уюшган жиноий гуруҳ фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли шахс раҳбарлик қилган гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, «call-марказ» ниқоби остида фаолият юритган. Улар ахборот технологиялари орқали Россияда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритган.

Операторлар SIP телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдаги фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки банк ходимлари сифатида таништирган. Улар гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини таъкидлаган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган, бунинг учун 5–20 минг рубл «солиқ» тўлаш кераклигини билдирган.

Натижада жабрланувчилар тақдим этилган банк карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубл ўтказиб берган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, «Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори талабларига зид равишда жами 470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини амалга оширишган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан уюшган жиноий гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 168, 243, 278-7 ва 278-8-моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан махрум этиш жазолари тайинланди. Қолган 13 нафарига нисбатан 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, жарималар қўлланилди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар эса ундириладиган бўлди.

Teglar

Mavzuga oid