Россия «WhatsApp», «YouTube» ва «Facebook»ни тўлиқ блоклади
Россияда «WhatsApp», «YouTube» ва «Facebook» доменлари миллий DNS тизимидан чиқарилди. Энди гап «секинлаштириш» ҳақида эмас, балки тўлиқ блоклаш ҳақида кетмоқда.

Россияда бир қатор хорижий сервислар ва оммавий ахборот воситаларига кириш имкони амалда бутунлай тўхтатилди. «WhatsApp», «YouTube», «Facebook» ва бошқа тақиқланган платформалар доменлари Миллий домен номлари тизимидан чиқарилгани хабар қилинмоқда.
Бу сафар гап фақат ишлаш тезлиги пасайтирилиши ҳақида эмас. Ресурслар тўлиқ «кўринмас» ҳолатга келтирилган. Фойдаланувчи сайт манзилини киритганда, тизим унинг IP-манзилини аниқлай олмайди ва домен мавжуд эмаслиги ҳақида хабар беради.
Шу тариқа мазкур платформаларга кириш амалда тўлиқ тўхтатилган.
Қайси ресурслар ёпилди?
Тўлиқ блокировка «WhatsApp», «YouTube» ва «Facebook» билан чекланмаган. Шунингдек, BBC, «Deutsche Welle», «Радио Свобода», «Tor» аноним браузери ва «Instagram» каби ресурслар доменлари ҳам ишламай қолган.
Маълумотларга кўра, бу чекловлар Миллий домен номлари тизими орқали амалга оширилган. Мазкур тизим «суверен интернет» тўғрисидаги қонун доирасида жорий этилган ва Роскомнадзор томонидан бошқарилади.
Россия провайдерлари 2021 йилдан бери айнан шу миллий DNS тизимидан фойдаланиши шарт. Ҳукумат мустаҳкам назорат ўрнатиш мақсадида муқобил DNS хизматларини, жумладан «Google DNS» каби сервилардан фойдаланиш имкониятини босқичма-босқич чеклаб келмоқда.
Суверен интернет модели
Мутахассислар фикрича, доменни DNS тизимидан чиқариш энг оддий ва ишончли блокировка усулларидан бири ҳисобланади. Бунда трафикни секинлаштириш ёки филтрлаш талаб этилмайди — сайт манзилининг ўзи «йўқ» қилинади.
Бу амалиёт Россияда интернет маконини ташқи ахборот майдонидан изоляция қилиш сиёсати давом этаётганини кўрсатади. Илгари «Telegram» ва «YouTubeга» нисбатан секинлаштириш чоралари қўлланган бўлса, энди айрим платформаларга нисбатан тўлиқ ўчириш механизми ишга туширилгани айтилмоқда.
Агар блоклаш амалда узоқ муддат сақланса, бу Россия рақамли бозорида маҳаллий платформалар улушининг ошишига, шу билан бирга глобал ахборот маконидан ажралиб чиқиш жараёнининг чуқурлашишига олиб келиши мумкин.





