Жапаров билан гаплашган Мирзиёев, «метан заправка»ларнинг очилиши ва қирғизистонлик депутатнинг Ўзбекистондан норозилиги — 10 феврал дайжести

10.02.2026 | 22:243 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Жапаров билан гаплашган Мирзиёев, «метан заправка»ларнинг очилиши ва қирғизистонлик депутатнинг Ўзбекистондан норозилиги — 10 феврал дайжести

Мирзиёев ва Жапаров телефон орқали суҳбатлашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. «Саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда, йирик инфратузилмавий лойиҳалар, шу жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота гидроэлектр станцияси қурилиши бўйича биргаликдаги ишлар давом эттирилмоқда», - дейилади хабарда.

Президентлар минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашган, шунингдек, икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилган.

Эртадан «метан заправка»лар одатдагидек ишлайди

Эртага, 11 феврал куни соат 09:00 дан бошлаб республика бўйлаб, жумладан водий вилоятларида ҳам «метан заправка»лар босқичма-босқич одатий иш режимида фаолият юрита бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, 20 январ куни ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилганди. 2 февралдан бошлаб эса «метан заправка»лар соат 10:00 дан 16:00 гача фаолият юритишни бошлаган.

Ўзбекистонда вакцина олган инсонлар ҳаёти хавф остида экани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши эмланганлар орасида саратон касаллиги кўпайиши ҳақида тарқалган хабарлар Санэпидқўми томонидан расмий рад этилди. Қўмита раиси ўринбосари Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, қўлланилган вакциналар инсон геномига таъсир қилмайди ва онкологик касалликларни келтириб чиқармайди. Эмлашдан кейинги қисқа муддатли ножуя таъсирлар (ҳарорат кўтарилиши, юрак уриши) вақтинчалик ҳолат бўлиб, инсон ҳаёти учун узоқ муддатли хавф туғдирмайди.

Расмий муносабатда, шунингдек, тармоқларда тарқалаётган турли гиёҳлар (карабаш ва арслонпанжаси) ёрдамида вакцина таъсирини "ювиш" ҳақидаги тавсиялар мутлақо илмий асосга эга эмаслиги қайд этилди. Мутахассислар вакцинация дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолганини эслатиб, аҳолини фақат расмий ва илмий тасдиқланган маълумотларга ишонишга чақирди.

Қирғизистонлик депутат Ўзбекистоннинг суғориш учун сувга пул тўламаслигидан норозилик билдирди

Қирғизистон Жўқорғи Кенеши депутати Умбетали Қидиралиев Ўзбекистон ва Қозоғистон суғориш суви учун тўлов амалга оширмаётганини танқид қилди. Депутатнинг таъкидлашича, Қирғизистон гидроиншоотларидаги сувнинг 80 фоизи қўшни давлатларга оқиб кетади, бироқ дамба ва сув омборларини сақлаш харажатлари фақат Қирғизистон зиммасида қолмоқда. У иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида қўшни давлатлар билан ҳисоб-китоб механизмларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Мазкур масалага жавобан, вазир Бакит Торобоев Ўзбекистон ва Қозоғистон Қамбарота ГЭС-1 қурилишида иштирок этаётганини ва сув ресурсларидан манфаатдорлигини тан олаётганини эслатиб ўтди. Шунингдек, Кампиробод сув омбори икки давлат томонидан тенг улуш асосида бошқарилаётгани қайд этилди. Шунга қарамай, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳозирча қўшни давлатлардан сув учун тўғридан-тўғри тўлов талаб қилмаслик позициясида экани маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid