Коррупцияни ҳис қилиш индекси–2025: Бутун дунёда аҳвол ёмонлашган
«Transparency International»нинг 2025 йил учун эълон қилинган Коррупцияни ҳис қилиш индекси дунё бўйлаб ушбу соҳада вазият ёмонлашаётганини кўрсатди. Ўзбекистонда бир поғона пастлаган.

«Transparency International» ўзининг ҳар йиллик Коррупцияни ҳис қилиш индексини эълон қилди. Илгари бўлганидек, рейтингнинг илк тўрт ўрнини Дания (100 баллдан 89 балл), Финляндия (88), Сингапур (84) ва Янги Зеландия (81) эгаллади. Рўйхатнинг энг охирида эса мос равишда 9 ва 10 балл билан Жанубий Судан, Сомали ва Венесуэла жойлашган.
Индекс муаллифлари умумий хулоса сифатида коррупция дунё бўйлаб ўсиб бораётганини таъкидлайди — ҳатто анъанавий равишда унга қарши самарали курашиб келган демократик давлатларда ҳам. Ташкилот фикрича, бу ҳолат «етакчиларнинг сиёсий иродаси сусайиши фонида» юз бермоқда.
Ўн йил аввал «Transparency» рўйхатида 80 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган 12 та давлат бор эди. Ҳозир эса уларнинг сони бор-йўғи бештага тушиб қолган.
«Бу тенденция АҚШ (64), Канада (75) ва Янги Зеландия (81) каби давлатларни, шунингдек, Европа мамлакатларини — Буюк Британия (70), Франция (66) ва Швеция (80)ни ҳам қамраб олди», — деб изоҳ беради тадқиқотчилар.
«Transparency» шунингдек, фуқаролик эркинликларининг қисқариши билан коррупцияни қабул қилиш кўрсаткичларининг ёмонлашуви ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудлигини қайд этади.
2025 йил, айниқса рейтингнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларда, ёшлар авлодининг норозилик чиқишлари билан ҳам ёдда қолди.
«Непал (34) ва Мадагаскар (25) каби давлатларда ёшлар кўчаларга чиқиб, ҳокимиятни ваколатларни суиистеъмол қилишда ҳамда муносиб давлат хизматлари ва иқтисодий имкониятларни таъминлай олмаётганликда танқид қилди», — дейилади ҳисоботда.
Россияда коррупция: 2025 йил манзараси
2025 йилда Россияда коррупцияни қабул қилиш кўрсаткичи ўзгармади ва 22 баллни ташкил этди — бу кўрсаткич Чад, Ҳондурас ва Зимбабве билан бир хил. Шунга қарамай, мамлакат рейтингда 154-ўриндан 157-ўринга тушиб кетди. «Transparency International — Россия» директори Алёна Вандишеванинг эслатишича, бу Россия учун бутун кузатувлар тарихи давомида қайд этилган энг ёмон натижа ҳисобланади. Уруш бошланганидан бери индекс 8 пунктга пасайган.
«Расман ўтган йилдан бери ҳеч нарса ўзгармади, аммо эҳтимол, бу маълум маънода инқироздан далолат беради — яъни бугун Россияда давлат сектори учун самарали антикоррупциявий ечимлар мавжуд эмас», — дейди Вандишева.
Унинг таъкидлашича, ўтган бир йил ичида бу соҳада вазиятни яхшилашга дунё давлатларининг фақат учдан бир қисмигина эриша олган.
Шу билан бирга, Россияда юқори лавозимли мансабдорларга нисбатан коррупция гумонлари тобора кўпаймоқда. Украина уруши бошланганидан бери Россияда пора олиш моддаси бўйича аниқланган жиноятлар сони 53 фоизга, пора бериш моддаси бўйича эса 86 фоизга ошган. Шу билан бирга, пора миқдорининг ўртача ҳажми ҳам сезиларли даражада кўпайган. Бу эса федерал марказ аввалгидек майда порахўрлик ҳолатларини эмас, балки йирик коррупция схемаларини аниқлашга кўпроқ эътибор қарата бошлаганидан далолат бериши мумкин.
«Бу, аввало, ҳарбий давр эҳтиёжлари билан боғлиқ — кўпроқ ресурслар талаб этилмоқда», — дея изоҳлайди Вандишева
Бироқ, унинг фикрича, бу ҳолат кўпроқ ҳокимиятнинг ўзига садоқатли элиталарга нисбатан «ёндашуви ўзгаргани»ни кўрсатади.
«Илгари садоқат учун маълум кафолатлар мавжуд эди ва бу, жумладан, ҳудудларда ҳам куч марказларининг шаклланишига олиб келарди. Бошқарувчанликни ошириш учун бу куч марказларини йўқ қилиш зарур. Шу нуқтада антикоррупция кун тартиби жуда қулай воситага айланади», дейди Вандишева.
Унга кўра, бундай ёндашув қисқа муддатда самара бериши мумкин, аммо узоқ истиқболда иш бермайди.
«Ҳокимият ва ҳукмрон элита учун манфаатли бўлган айрим соҳаларда жиноятларни фош этиш даражаси ҳақиқатан ҳам ошади. Лекин фақат репрессиялар билан босим ўтказиб бўлмайди — бошқа таркибий қисмларсиз тизим ишламайди», — дейди у.
Жазодан қўрқиш ҳам ҳамма учун тийиб турувчи омилга айланаётгани йўқ. Алёна Вандышева қатъий жавобгарлик чоралари назарда тутилганига қарамасдан, давлат мудофаа буюртмаларининг бажарилмай қолиши ҳолатлари кўпайганига ҳам эътибор қаратади.
Коррупция постсовет маконида
Ўтган бир йил ичида коррупцияни қабул қилиш кўрсаткичини яхшилашга постсовет ҳудудида жами бешта давлат эриша олди: Қирғизистон (26 балл, +1), Озарбойжон (30, +8), Украина (36, +1), Латвия (60, +1) ва Литва (65, +2). Айни пайтда Беларус (31, −2), Ўзбекистон (31, −1), Қозоғистон (38, −2), Молдова (43, −1), Арманистон (46, −1) ва Гуржистон (50, −3) рейтингда пасайиш қайд этди. Россиядан ташқари, Туркманистон (17), Тожикистон (19) ва Эстонияда (76) кўрсаткичлар ўзгаришсиз қолди.
«Transparency International» ҳисоботида Ўзбекистон ва Украина бошланғич кўрсаткичлари нисбатан паст бўлгани сабабли рейтингни яхшилашга муваффақ бўлган давлатлар қаторида тилга олинади.
«Ижобий томондан, ривожланишнинг икки модели намоён бўлади. Биринчиси — паст кўрсаткичдан бошлаб узоқ муддатли ютуқлар, яъни мамлакатлар CPI рейтингида энг пастдан ўрта поғонага кўтарилган. Бу гуруҳга Албания (39), Ангола (32), Кот-д’Ивуар (43), Лаос (34), Сенегал (46), Украина (36) ва Ўзбекистон (31) киради. Уларнинг ривожланиши сиёсий етакчилар ва регуляторлар томонидан узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар орқали амалга оширилган, бу ерда кенг қамровли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар очиқ муҳитда ёки тор давлат назорати остидаги кам ёпиқ муҳитларда олиб борилган», дейилади изоҳда.
Шунингдек, Украина фуқаролик жамиятининг роли алоҳида қайд этилади: у ҳокимият босимига қарамасдан, «кучли антикоррупция институтлари»ни сақлаб қолишга эришган.
Ҳисоботда таъкидланишича, Украина 2025 йилда давлат харидлари ва мудофаа соҳасидаги йирик можаролар билан оғир даврни бошдан кечирди, бу эса юқори даражада коррупция хавфлари сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ коррупция ҳолатларининг очилиши ва айблов ҳукмлари билан якунланиши «Украинанинг янги антикоррупция архитектураси натижа бераётгани»дан далолат беради.
Муаллифлар фикрича, Киев реактив чоралардан тизимли ислоҳотларга ўтиши, яъни «бўшлиқларни ёпадиган ва давлат ресурсларини яхшироқ ҳимоя қиладиган» механизмларни жорий этиши лозим.
Гуржистон мисоли эса, ҳисоботга кўра, «демократиядан чекиниш коррупция хавфларини қандай қилиб бевосита кучайтиришини яққол намоён этади». «Чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун каби сиёсий жиҳатдан баҳсли қонунларнинг қабул қилиниши, норозилар, ННТлар ва ОАВга босимнинг кучайиши, 2024 йилги баҳсли сайловлар ҳамда Европа Иттифоқи билан интеграция музокараларининг тўхтатилиши ортидан «халқаро кузатувчилар Гуржистонни авторитар бурилишни бошдан кечираётган давлат сифатида тавсифламоқда». Бу эса коррупция учун жиддий хавфлар яратади ва жамиятга умумий зарар етказади, дея хулоса қилади «Transparency International».





