Зеленский Украинада сайлов эълон қилиниши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди
Шунингдек, у сайлов ўтказиш талабини ҳам айтди. Ғарб матбуотида 24 феврал куни сайлов эълон қилиниши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Украина президенти Воладимир Зеленский Ғарб оммавий ахборот воситаларида 24 феврал куни мамлакатда сайловлар ўтказилишини эълон қилмоқчи экани ҳақида тарқалган миш-мишларни инкор этди. Бу ҳақда «РБК Украина» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Зеленский сайловлар ва референдум эълон қилиниши ҳақидаги миш-мишларни илк бор эшитмаётганини таъкидлаган.
«Мен сайловлар ҳақида кўп марта айтганман — биз барча тегишли хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлгандагина сайловларга борамиз», - дея урғулаган у.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, сайлов масаласини «у ёки бу ҳамкорлар» кўтармоқда. Украинанинг ўзи бу масалани ҳеч қачон кўтармаган. Бироқ бундай жараёнга тайёргарлик бор.
«Бу жуда осон — ўт очишни тўхтатинг, сайловлар бўлади. Яъни бу хавфсизлик масаласидир», - деди Зеленский.
Шунингдек, Украина раҳбари АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларидан воз кечиш билан таҳдид қилмаётганини ва уларни сайловлар масаласи билан боғламаётганини таъкидлади.
Сайлов ҳақида
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Американинг «Financial Times» нашри Украина президенти Воладимир Зеленский АҚШ босими туфайли 24 феврал куни мамлакатда 15 майгача сайлов ва референдум ўтказиш режаларини эълон қилиши ҳақида хабар берган эди.
Маълумот учун,Украинада президентлик сайловлари 2024 йилда ўтказилиши керак эди, бироқ мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолат туфайли овоз бериш жараёнлари қонунан тўхтатилган. Украина қонунчилигига кўра, ҳарбий ҳолат даврида умуммиллий сайловлар ўтказилмайди. Россия билан уруш давом этаётгани, хавфсизлик хатарлари ва миллионлаб фуқароларнинг вақтинча кўчирилгани сайловларни ташкил этиш имкониятини чекламоқда.





