Олмалиқдаги мактабда 10-синф ўқувчиси вафот этди
Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчи қизнинг вафоти юзасидан расмий муносабат билдирди.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган умумтаълим мактабларидан бирида 10-синфда таҳсил олган ўқувчи қиз вафот этди. Мазкур ҳолат жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ бу ҳақда Немолчи.уз нашри хабар тарқатган эди. Маълумотларга кўра, ўқувчининг ўлимига кучли стресс оқибатида тромб ҳосил бўлиши сабаб бўлган.
«Мактабда юқори синф ўқувчиси бўлган бир қиз ҳақида нохуш миш-мишлар тарқалган эди. Бу қиз ота-оналар қўмитаси вакилининг ё қариндоши, ё таниши бўлган. У ёлғон баҳона билан ички ишлар ходимларини чақиртириб, қизларга қўпол оҳангда, баланд овозда «маъруза» ўқий бошлаган. Сўнгра миш-миш тарқатишда «гумон қилинган» қизларни суҳбат учун алоҳида хонага чақиришган. Менинг фарзандим ҳам шу йиғилишда эди. Мен ва кўплаб ота-оналар ғазабдамиз. Қандай қилиб болаларни ота-оналар ва психологларни огоҳлантирмасдан йиғиш мумкин? Қайси ҳуқуқ билан бу ота-она ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари (эркаклар) ҳузурида бизнинг болаларимизга баланд овозда дашном беради, устига-устак ноқулай саволлар беришга журъат этган ўқитувчини ишдан бўшатиш билан қўрқитишга ҳадди сиғади?», — дейди марҳум қизнинг онаси.
Манбага кўра, суҳбат жараёнида айрим масъул шахслар томонидан ўқувчиларга кескин ва баланд овозда мурожаат қилинган. Асосан эркаклар иштирок этган хонага чақирилган ўқувчи қиз мазкур ҳолатни оғир қабул қилган ва кучли руҳий босимга тушган.
Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Маълумотларга кўра, воқеа 2026 йил 28 январ куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида юз берган. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси (2009 йилда туғилган) К. Е. мактаб йўлагида ҳушини йўқотган. Дастлабки тиббий ёрдамларга қарамай вафот этган.
«Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар расмий текширувлар ниҳоясига етгач эълон қилинади», — дейилади хабарда.
Бошқарма матбуот хизматига кўра, ўрганиш ишлари якунланганидан сўнг қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда жамоатчиликка тақдим этилади. Унгача тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик, холислик ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш сўралди.





