Ўзбекистонлик қотил Истанбулда яна бир аёлни ўлдирганига иқрор бўлди

Kecha 23:202 daqiqa

Истанбулнинг Шишли туманида топилган аёл жасади ортидан тергов янада кенгайди: қамоқа олинган гумондор яна бир ўзбекистонлик аёлни ўлдириб, бўлаклаганини тан олди.

Ўзбекистонлик қотил Истанбулда яна бир аёлни ўлдирганига иқрор бўлди

Истанбулнинг Шишли туманида 24 январ кечаси чиқиндихона контейнеридан топилган Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳокимованинг жасади юзасидан олиб борилаётган тергов кутилмаган бурилиш олди. Иш бўйича қамоққа олинган асосий гумондор қўшимча кўрсатмасида яна бир ўзбекистонлик аёлни ҳам ўлдирганини тан олди.

Бу ҳақда турк матбуоти хабар тарқатди.

Тергов материалларига кўра, гумондор Ғофуржон Акмалхонoвич Камолхўжаев қамоқхонада берган қўшимча кўрсатмасида иккинчи қотиллик содир этилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси Эргашалиева Сайёра Баҳромжон қизи ҳам шунга ўхшаш усулда ўлдирилган.

Аввалроқ айрим нашрлар Дурдона Ҳокимованинг хонадоши ҳам йўқолиб қолгани тўғрисида хабарлар тарқатишган эди.

Терговчиларнинг маълум қилишича, 32 ёшли Сайёра Эргашалиеванинг жасади Умрания туманидаги уйда бўлакларга ажратилган ва кейинчалик Истанбулнинг турли нуқталаридаги контейнерларга ташланган. Маълумотларга кўра, ўлдирилган аёл ҳам гумондор билан таниш бўлган.

 

Тергов кенгаймоқда

Шишлидаги топилма дастлаб якка қотиллик сифатида баҳоланган эди. Бироқ қамоқдаги иқрор ортидан иш эҳтимолий серияли жиноят сифатида кўриб чиқилмоқда. Полиция гумондор кўрсатмалари асосида шаҳарнинг турли ҳудудларида қўшимча далил излаш ишларини олиб бормоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар видеокузатув материалларини қайта таҳлил қилмоқда. Илгари хавфсизлик камералари орқали икки нафари ўзбекистонлик бўлган уч эркак аниқлангани маълум қилинган эди. Улар Гуржистонга қочишга уринаётган вақтда Истанбул аэропортида ушланган.

 

Ишнинг бошланиши

Дурдона Ҳокимованинг жасади 24 январ куни чиқиндихонадан топилган эди. Жасадни чиқинди контейнерларидан қоғоз йиғувчи фуқаро пайқаб, полицияга хабар берган. Экспертиза натижасида шахс аниқланган ва шундан сўнг тергов ҳаракатлари бошланган.

Ҳозирча тергов сир сақланмоқда. Турк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари иккинчи ҳолат бўйича расмий баёнот бермаган. Иш доирасида қўшимча гумондорлар бор-йўқлиги ҳам текширилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid