Қозоғистоннинг битта банки Ўзбекистондаги барча банклардан кўпроқ фойда олди

10.02.2026 | 16:542 daqiqa

«Halyk Bank» 2025 йилни 2 млрд доллар атрофида соф фойда билан якунлади. Бу Ўзбекистондаги барча 35 та банкдан кўпроқ дегани.

Қозоғистоннинг битта банки Ўзбекистондаги барча банклардан кўпроқ фойда олди

2025 йил якунлари бўйича, Қозоғистон банкларининг умумий соф фойдаси 6,7 фоизга ошиб, 2,7 трлн тенгени ташкил қилди. Бу ҳақда Қозоғистон миллий банки ҳисоботидан маълум бўлди.

«Halyk Bank» ва «Kaspi Bank» энг кўп соф фойда олган банклар сифатида ўз ўрнини сақлаб қолди. Барча Қозоғистон банклари фойдасининг қарийб ярми шу иккита банкка тўғри келди.

«Halyk Bank» соф фойдаси 2024 йилга нисбатан 15,6 фоизга кўпайиб, 976,8 млрд тенгега етди. «Kaspi Bank» эса 2025 йилда фойдасини 7,6 фоизга ошириб, 571,5 млрд тенге соф фойда олди.

Қозоғистонда энг кўп фойда олган банк — «Halyk Bank»нинг 2025 йилги фойдаси АҚШ долларида 2 млрд доллар атрофида бўлади. Бу Ўзбекистондаги барча банклар фойдасидан кўпроқ.

Ўзбекистон банклари соф фойдаси ўтган йили 2,3 баробар кўпайиб, 15,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бу долларда 1,3 млрд доллар атрофида бўлади. Энг кўп фойда олган банк 1,9 трлн сўм билан «Milliy bank» бўлган.

Иккала давлатда ҳам йил давомида фақат битта банк зарар кўрган. Қозоғистонда янги очилган Жанубий Кореянинг BNK банки зарари 2,5 млрд тенгени ташкил қилган. Бу банк аввал микромолия ташкилоти бўлган, 2025 йил давомида банкка айланган.

Ўзбекистонда эса 2025 йилда фақат «Yangi bank» зарар кўрди — 136,7 млрд сўм. Марказий банк унинг лицензиясини жорий йил бошида қайтариб олишга ҳам улгурди.

«Yangi bank» устав капитали бўйича регуляторнинг 500 млрд сўмлик талабларини бажармаган ва бир неча чоракдан бери доимий зарарда фаолият олиб бораётган эди.

Шундай қилиб, 2025 йилда Қозоғистондаги банклар Ўзбекистон банкларига қараганда қарийб 5 баробар кўпроқ фойда олган.

Маълумот учун, «Halyk Bank» Ўзбекистонда «Tenge bank» номи остида шўъба банки ҳам очган. Tenge bank соф фойдаси ўтган йили 54,9 млрд сўмни ташкил қилди.

«Halyk Bank» ва Ўзбекистондаги «Click» тўлов ташкилоти ўртасида 2025 йил ёзида келишув имзолангандӣ.

Унга кўра, «Halyk Bank» «Click» компаниясининг 49 фоиз акцияларини 176,4 млн доллар эвазига сотиб олади.

Ўз навбатида, «Click» акциядорлари «Halyk Bank»нинг «Tenge Bank»нинг 49 фоиз акцияларини 60,76 млн долларга харид қилади.

Бироқ, ҳозирча бу келишув расман амалга ошгани, Рақобат қўмитаси рухсат бергани ҳақида маълумот берилмади.



Teglar

Mavzuga oid