Россия Кубага нефт жўнатмоқчи

АҚШнинг нефт блокадаси туфайли қийин аҳволга тушиб қолган орол-давлатга тез орада Россиядан нефт етказиб берилиши айтилди. Трамп Кубага нефт юборганларга санкция ва божлар билан таҳдид қилган.

Россия Кубага нефт жўнатмоқчи

Россия яқин келажакда Кубага нефт хомашёси ва ёқилғи юкларини жўнатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда бугун, 12 феврал куни Россиянинг Кубадаги элчихонасига таянилган ҳолда «Известия» газетаси хабар берди.

Куба ёқилғи танқислигини бошдан кечирмоқда, чунки АҚШ коммунистик бошқарувдаги мамлакатга нефт етказиб беришни чеклашга ҳаракат қилмоқда. Орол давлати халқаро авиакомпанияларни огоҳлантириб, эндиликда Кубада авиаёқилғи мавжуд бўлмаслигини маълум қилган. Бу вазиятнинг жадал ёмонлашаётганидан навбатдаги белгидир.

Тарихан Куба авиаёқилғининг катта қисмини Венесуэладан олиб келган. Бироқ Кариб ҳавзасидаги ушбу давлат декабр ойи ўрталаридан бери ўзининг энг яқин иттифоқчисидан на нефт хомашёси, на қайта ишланган нефт маҳсулотларини олган. Бу АҚШ Жанубий Америка мамлакати экспортларини тўсишга киришган пайтга тўғри келади.

«Яқин орада Россиядан Кубага гуманитар ёрдам сифатида нефт хомашёси ва нефт маҳсулотлари етказиб берилиши кутилмоқда», – дейди Россия элчихонаси дипломати.

Газетага кўра, Россия сўнгги бор Кубага нефтни 2025 йил феврал ойида етказиб берган бўлиб, ўшанда 100 минг тонна юк жўнатилган.

Россия Кубадаги ёқилғи вазиятини танқидий, деб баҳолаб, АҚШнинг орол иқтисодиётини «бўғиш»га қаратилган уринишлари катта қийинчиликларга сабаб бўлаётганини айтди. Москва ҳар қандай ҳарбий аралашувга қарши ҳаракат қилишини билдириб, Куба ва Венесуэла билан ҳамжиҳатлигини ифода этди.

Шунингдек, Россия 11 феврал куни Россия сайёҳлари оролни тарк этганидан сўнг Кубага парвозларни тўхтатишини маълум қилди.

АҚШ блокадаси

Кубанинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Венесуэлага ҳужум қилган ва унинг раҳбари Николас Мадурони асир олган АҚШ амалда Ҳаваннага Венесуэладан нефт етказиб беришни тўсиб қўйди. Январ охирида АҚШ президенти Доналд Трамп Кубани «ноёб ва ғайриоддий хавф» деб атади ва орол давлатга нефт ёки нефт маҳсулотларини етказиб берадиган ҳар қандай давлатга бож солиш билан таҳдид қилди.

Куба президенти Мигуэл Диаз-Канел дастлаб бу ҳаракатни «фашистик, жиноят ва геноцид» деб қоралади. У шундан сўнг мамлакати «босим ёки дастлабки шартларсиз» АҚШ билан музокара қилишга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, у Кубани «инқирозга яқин» деб огоҳлантирди ва энергия инқирозини ҳал қилиш мақсадида яқин келажакда тақсимлаш режаларини эълон қилди.

Кубада ҳозирги вақтда газни фақат хорижий валютада сотиб олиш мумкин ва бунга доллардаги бензин станцияларида соатлаб навбат кутиш талаб этилади. Мамлакат фақат зарур энергиянинг тахминан 40 фоизини ишлаб чиқара олади. Электр узилишлари одатий ҳолга айланган – улар 10–15 соатгача давом этиши мумкин ва ҳатто пойтахт Ҳаванага ҳам етган.

Куба кўрган чора-тарбирлар

Денгиз транспортини кузатиб борувчи мутахассисларнинг билдиришича, бир неча ҳафтадан бери Кубага ҳеч қандай хорижий ёқилғи ёки нефт ташувчи танкер келмаган. Шунинг учун 8 феврал куни узоқ масофали авиақатновлар камида бир ой давомида оролда ёқилғи қуйиш имкониятига эга бўлмаслиги маълум қилинди.

Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес 9 феврал куни АҚШнинг «шафқатсиз тажовузи»ни қоралади. Унинг айтишича, бу ҳаракатлар «Куба халқининг сиёсий иродасини синдириш»га қаратилган.

«Вазият жуда оғир ва катта қурбонликларни талаб қилади», – деди Родригес.

8 феврал куни бош вазир ўринбосари Оскар Перес-Олива Фрага қолган ёқилғини тақсимлашга қаратилган фавқулодда чора-тадбирлар тўпламини эълон қилди. Унинг айтишича, бу чоралар аҳоли учун зарур хизматлар ва муҳим иқтисодий фаолиятни ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган. У бу тоифага озиқ-овқат ва электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, «чет эл валютасини келтириб чиқарадиган асосий фаолият турлари» киришини билдирди.

Вилоятлар орасидаги автобус ва поезд қатновлари қисқартирилди, университетларда дарслар анъанавий шаклдан онлайн форматга ўтказилди, бир қатор меҳмонхоналар ёпилди.

«Air Canada» авиакомпанияси 9 феврал куни ёқилғи танқислиги сабаб Кубага парвозларни тўхтатишини маълум қилди. Яқин кунларда у Кубада қолиб кетган тахминан 3 минг мижозни олиб кетиш учун бўш самолётларни юборишни режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid