add

Таълим хизматлари нархлари 2025 йилда сезиларли ошди

Bugun 15:111 daqiqa

Ўзбекистонда ўтган йил давомида таълим бозорида талаб ўсиши айрим хизматлар бўйича йиллик инфляцияни оширди.

Таълим хизматлари нархлари 2025 йилда сезиларли ошди

2025 йил давомида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги хизматлар нархлари босқичма-босқич қимматлашди, айрим сегментларда ўсиш суръатлари ўртача инфляциядан юқори бўлди. Энг тез ўсиш мактабгача таълим хизматларида қайд этилди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, репетиторлик хизматлари нархи 2025 йил декабр ойида ўртача 0,8 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда эса мазкур хизматлар 6,6 фоизга қимматлашган бўлиб, бу аҳолининг қўшимча таълимга бўлган талаби барқарор сақланаётганини кўрсатади.

Худди шу даврда чет тиллари курсларида ўқиш нархлари декабр ойида 0,3 фоизга кўтарилган. Йил давомида эса бу сегментда ҳам 6,6 фоизлик ўсиш кузатилган. Бу ҳолат меҳнат бозорида хорижий тилларни билишга бўлган эҳтиёж ортиши билан изоҳланмоқда.

Мактабгача таълим хизматлари нархлари декабр ойида ноябрга нисбатан ўзгаришсиз қолган бўлса-да, йиллик кўрсаткичда 17 фоизлик ўсиш қайд этилди. Бу таълим хизматлари орасида энг юқори ўсиш суръати ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги бозор хизматлари ҳажми 34,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 фоизга ошган.

Маълумот учун, 2025 йилда таълим соҳасидаги хизматлар умумий бозор хизматлари ҳажмининг 3,7 фоизини ташкил этган. Шунингдек, таълим хизматлари таркибида эса олий таълим етакчи ўринни эгаллади. Мазкур соҳада кўрсатилган хизматлар умумий таълим хизматлари ҳажмининг 46,8 фоизини ташкил этди.

Teglar

Mavzuga oid