
Тенгсизликнинг чўққиси: Дунё бойликлари «бир ҳовуч» элита қўлига ўтиб қолди
Миллиардлаб одамлар тирик қолиш учун курашаётган бир пайтда, кичик бир элита қатлами улкан иқтисодий қудратни назорат остига олган.

Бугунги кунда глобал тенгсизлик ўта юқори даражада сақланиб қолмоқда. Дунё аҳолисининг энг бой 0,001 фоизини ташкил этувчи, сони 60 минг нафардан кам бўлган мультимиллионерлар қатлами ҳозирда инсониятнинг қуйи 50 фоизи жами эгалик қилаётган бойликдан уч баробар кўпроқ маблағни назорат қилмоқда. Бу ҳақда World Inequality Report ҳисоботида маълумотларида маълум бўлди.
Ҳисобот 200 нафардан ортиқ тадқиқотчилар иштирокида тайёрланган бўлиб, глобал бойлик тақсимотидаги тафовут барча даражаларда сақланиб қолаётганини кўрсатади. Жумладан, дунё аҳолисининг энг бой ўндан бир қисми ҳозирда барча бойликларнинг деярли тўртдан уч қисмига эгалик қилади, энг камбағал ярми эса 2 фоиз улушга эга.
Даромадлар тақсимоти ҳам шунга ўхшаш манзарани намоён қилади. Энг юқори 10 фоиз аҳоли қолган 90 фоиз аҳолининг жами даромадидан ҳам кўпроқ пул топади. Энг камбағал ярми эса глобал даромаднинг ўндан бир қисмидан камроғини қўлга киритади.
«Натижада, кичик бир озчилик мисли кўрилмаган молиявий қудратни бошқараётган, миллиардлаб одамлар эса ҳатто оддий иқтисодий барқарорликдан ҳам четда қолаётган дунё шаклланди», — деб ёзади муаллифлар.
Тадқиқотга кўра, барча минтақаларда «гендер иш ҳақи тафовути сақланиб қолмоқда»: аёллар глобал меҳнат даромадининг чорак қисмидан бироз кўпроғини олади ва бу кўрсаткич 1990 йилдан бери деярли ўзгармаган.
Ҳисоботда айтилишича, тенгсизлик таълим соҳасида янада эрта намоён бўлади. Саҳрои Кабирнинг жанубидаги Африка давлатларида бир ўқувчига тўғри келадиган йиллик давлат харажатлари ўртача 230 доллар бўлса, Европа мамлакатларида бу кўрсаткич 8 600 долларга, Шимолий Америка ва Океанияда эса 10 500 долларга тенг. Бу 40 баробардан ортиқ фарқни англатади.
Тадқиқот муаллифлари энг бой қатламга солиқ юкини ошириш орқали тенгсизликни қисқартириш мумкинлигини қайд этмоқда. Улар 100 миллион доллардан ортиқ бойликка эга шахслар ва миллиардерлар учун жорий этиладиган 3 фоизлик глобал солиқ йилига тахминан 750 миллиард доллар тушум келтиришини ҳисоблаб чиққан. Бу маблағ паст ва ўрта даромадли мамлакатларнинг умумий таълим бюджетига деярли тенгдир.
Ҳисобот хулосасига кўра, ҳар йили қарзга хизмат кўрсатиш, фойдани мамлакатлардан олиб чиқиб кетиш ва бошқа молиявий оқимлар орқали дунё ЯИМининг тахминан 1 фоизи камбағал мамлакатлардан бойларига оқиб ўтади. Бу кўрсаткич глобал ривожланиш учун ажратиладиган ёрдам миқдоридан деярли уч баробар кўпдир.





