Хитойга қарши янги фронт: АҚШ ядровий сувости кемаларини Австралияга жойлаштиряпти
АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўртасидаги AUKUS келишуви доирасида Америка ядровий сувости кемалари Ғарбий Австралиядаги Стирлинг базасига жойлаштирилади.

АҚШ атом сувости кемаларини Ғарбий Австралиядаги оролда жойлашган Стирлинг базасига жойлаштиради. Ушбу база Тайван туфайли Хитой билан юзага келиши мумкин бўлган можаро ҳолатида таянч пункти ва бошпана вазифасини ўтайди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) нашри хабар берди.
AUKUS ва Стирлинг базасининг стратегик аҳамияти
Газета маълумотларига кўра, АҚШ Австралиядаги базага тўрттагача атом сувости кемасини жойлаштиришни режалаштирмоқда, уларнинг биринчиси 2027 йилда етиб боради. Бу Тинч океани минтақасидаги Буюк Британия, Австралия ва АҚШ ўртасидаги мудофаа иттифоқи (AUKUS) доирасидаги келишувнинг бир қисми бўлади.
Гуам омили ва Австралиянинг инфратузилмага сармояси
WSJ аниқлик киритишича, ҳозирги вақтда Америка сувости кемалари Тинч океанидаги Гуам оролида жойлашган. Қуролли можаро юзага келган тақдирда, Хитой Халқ Республикаси ушбу ҳудудга огоҳлантирувчи зарба бериши ва Американинг ҳарбий обьектларини ишдан чиқариши мумкин. Шу сабабли Австралия базаси АҚШ учун стратегик устунликка айланади, сувости кемалари эса Хитой билан боғлиқ денгиз савдо йўлларини назорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Австралия расмийлари Стирлинг базасига ўқув маркази ва турар-жойлар қуриш, сувости кемалари тўхташ жойи ҳамда радиоактив чиқиндилар билан ишлаш обьектларини реконструкция қилиш, шунингдек, энергия таъминоти учун қарийб 5,6 миллиард доллар инвестиция киритмоқда.





