АҚШ Ҳинд океанида Россия танкерини қўлга олди

10.02.2026 | 15:252 daqiqa

Америка ҳарбийлари Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилаётган «соя флоти»га кирувчи нефт танкерини қўлга олди. Бу 2025 йил декабридан бери ушлаб қолинган еттинчи танкер ҳисобланади.

АҚШ Ҳинд океанида Россия танкерини қўлга олди

АҚШ Қуролли кучлари 9 феврал куни «Aquila II» номли нефт танкерини тўхтатиб, қўлга олди. Бу ҳақда АҚШ Уруш вазирлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Ғарб ва Украина манбаларининг хабар беришича, мазкур кема халқаро санкцияларни айланиб ўтиш учун фойдаланилаётган Россиянинг «соя флоти» таркибига киради. 2026 йил 9 февралда «Aquila II» танкери президент Трамп томонидан жорий этилган санкция режимига зид равишда ҳаракат қилган. АҚШ Уруш вазирлиги кеманинг қочишга уринганини, аммо кузатувга олиниб, тўхтатилганини билдирди.

«Уруш вазирлиги ушбу кемани Кариб денгизидан то Ҳинд океанигача кузатиб ва таъқиб қилиб борди. Ер юзида ҳеч бир давлат ҳар қандай шароитда ўз сўзини ўтказиш қобилиятига АҚШ каби эга эмас. Қуруқликда, ҳавода ёки денгизда бўладими, Қуролли кучларимиз сизларни топади ва адолатни тиклайди. Биздан қочиб қутулишингиздан олдин ёқилғингиз тугайди. Уруш вазирлиги ноқонуний ҳаракат қилувчи тузилмалар ва уларнинг воситачиларини жаҳон денгиз маконида Америка қудратига қарши чиқиш имкониятидан маҳрум этади», – дейилади идора баёнотида.

«Aquila II» танкери нима билан машҳур

Украина Бош разведка бошқармаси юритадиган «War & Sanctions» порталига кўра, «Aquila II» танкери (IMO 9281152) АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Канада, Швейцария ва Украина томонидан санкция рўйхатларига киритилган. Бунга сабаб унинг санкцияларни четлаб ўтиб нефт ташишда иштирок этганидир.

Кема Россия энергетика соҳасидаги фаолияти учун 2025 йил январ ойида АҚШ санкция киритган «Sunne Co Limited» компанияси билан боғлиқ деб ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, танкер Россия ва Венесуэла нефтини ташийди, баъзан транспондерни ўчириш ва жойлашувни яшириш усулларидан фойдаланади. Бу эса «соя флоти» кемаларига хос белгилардан бири саналади.

«Aquila II» Россия ва Венесуэла портларидан, жумладан Хитой ва бошқа ҳудудларга нефт ташийди. У санкцияларни айланиб ўтиш схемасининг фаол элементи деб ҳисобланади, бироқ кеманинг расмий рўйхатдан ўтгани ва қайси байроқ остида экани очиқ маълумотлар базаларида баҳсли ҳолатда қолмоқда.

Танкер қўлга олинишининг умумий манзараси

2025 йил декабридан буён Венесуэлага нисбатан жорий этилган «карантин»ни бузишнинг олдини олиш мақсадида тўхтатилган кемалар сони еттитага етди. 15 январ куни АҚШ «Veronica» номли танкерни ҳам тўхтатган эди. У текширувдан қочиш учун номини ўзгартириб, Россия байроғини кўтарган.

«Reuters» агентлигининг маълум қилишича, ушлаб қолинган барча кемалар ё санкциялар остида бўлган, ёки Россия, Эрон ёхуд Венесуэла нефтининг келиб чиқишини яширишга қаратилган «соя флоти»га мансуб ҳисобланган. «The Telegraph» нашрига кўра, Вашингтоннинг «соя танкерлар»ни фаол равишда тўхтатиш қарори Доналд Трампнинг Украинадаги уруш давом этаётгани сабаб Владимир Путиндан тобора кўпроқ норози бўлаётгани билан боғлиқ.

Teglar

Mavzuga oid