АҚШ Россиядан воз кечиши эвазига Арманистонга 9 млрд доллар таклиф қилмоқда
Вашингтон Ереванни Москвага энергетик қарамликдан чиқариш учун ядро технологиялари ва катта ҳажмда инвестиция таклиф қилди.

АҚШ Арманистонга Россиядан энергетик қарамликни камайтириш эвазига 9 миллиард долларгача инвестиция таклиф қилди. «Bloomberg» хабарига кўра, бу қадам Вашингтоннинг Жанубий Кавказдаги таъсирини кучайтириш ва минтақадаги геосиёсий мувозанатни қайта шакллантириш режалари билан боғлиқ.
Энергетик мустақиллик учун 9 миллиард долларлик таклиф
Таклиф доирасида АҚШ Арманистонга тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланиш бўйича кенг қамровли ҳамкорликни илгари сурмоқда. 9 феврал куни Ереванда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ушбу соҳадаги икки томонлама битимни имзолади. Ҳужжат Америка ядро технологиялари, ёқилғиси ва хизматларини Арманистонга етказиб бериш учун ҳуқуқий асос яратади.
Янги ҳамкорликнинг асосий элементи сифатида кичик модулли реакторлар таклиф қилинмоқда. АҚШ уларни совет даврида қурилган амалдаги Арманистон атом электр станциясига муқобил ечим сифатида кўрмоқда. Вэнснинг таъкидлашича, битим дастлабки босқичда 5 миллиард долларгача экспортни, кейинчалик эса ёқилғи етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича яна 4 миллиард долларлик узоқ муддатли шартномаларни қамраб олиши мумкин.
Энергетик суверенитет масаласи
Арманистон атом электр станцияси Ереван яқинидаги Мецамор ҳудудида жойлашган бўлиб, 1969–1977 йилларда барпо этилган. Унда ВВЭР-440 туридаги икки реактор ишламоқда ва мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 40 фоизини таъминлайди. Станция Жанубий Кавказдаги ягона атом обьекти ҳисобланади ва ундан фойдаланиш «Росатом» иштирокида амалга оширилмоқда. Амалдаги инфратузилманинг хизмат муддатини 2036 йилгача узайтириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Арманистон расмийлари янги АЭС қурилишини тобора фаол муҳокама қилмоқда. Ереванда хавфсизликни ошириш, етказиб бериш йўлларини диверсификация қилиш ва энергетик суверенитетни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирилмоқда. «Bloomberg»нинг таъкидлашича, АҚШ ўз технологияларини илгари суришда айнан шу омиллардан фойдаланмоқда.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Вэнс билан учрашувда АҚШ билан тузилган келишув энергетика соҳасидаги ҳамкорликда «янги саҳифа» очишини ва мамлакат учун танлов имкониятларини кенгайтиришини айтган.
Минтақавий хавфсизлик ва Зангезур коридори
2025 йилнинг август ойида АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказган эди. Томонлар Ереван ва Боку ўртасида тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги уч томонлама декларацияни имзолаган. Бунгача АҚШ ва Арманистон Зангезур коридори бўйича алоҳида битим тузган бўлиб, унга кўра мазкур ҳудуд 99 йилга АҚШ бошқарувига берилган.





