
«Бу — «рус дунёси» парчаланишининг белгиси»: Қозоғистонда Соловёвнинг сўзларига қандай реакция билдирилди?
АҚШнинг Венесуэладаги чаққон операциясидан руҳланиб кетган Кремл тарғиботчилари «нега уларга мумкин, бизга эса йўқ?» деган тамойил асосида халқаро ҳуқуқни топташ билан таҳдид қилишга ўтиб кетди.

Кенг жамоатчиликка яхши таниш Кремл пропагандачиси Владимир Соловьёв очиқдан-очиқ «халқаро ҳуқуқ ва тартибга тупуриш» ва Арманистон ҳамда Марказий Осиёда «СВО» ўтказиш имкониятини «ўйлаб кўриш»га чақирди.
«Биз ҳозир на Сурия, на Венесуэла билан шуғулланишимиз керак. Ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз лозим. Аммо биз учун энг муҳими — яқин қўшниларимиз.
Арманистоннинг йўқотилиши — бу улкан муаммо.
Бизнинг Осиёдаги, Ўрта Осиёдаги ёки ҳозир Марказий Осиё деб аталаётган ҳудуддаги муаммоларни олайлик. Бу биз учун улкан муаммога айланиши мумкин. Шу сабаб биз ўз мақсад ва вазифаларни шакллантириб олишимиз керак. Тушунтириб қўйишимиз керак. Ўйин тугади.
Халқаро ҳуқуқ, халқаро тартибга тупуриш керак. Агар бизга миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида «СВО» бошлаш зарурияти туғилган экан, нега шу важ-корсонлар билан биз таъсир доирамиз остидаги бошқа нуқталарда «СВО» бошлай олмаслигимиз керак? Балким биз миллий доктринамизни шакллантириб, таъсир доирамиз остидаги ҳудудлар қайси эканини аниқ айтишимиз керакдир? Шунда ҳаммаси тушунарли бўлади», — деди у эфирда.
Унинг бу «жанговар» чақириғи Марказий Осиё республикаларида, хусусан, Қозоғистонда ҳам катта эътирозларга сабаб бўлди. Minval Politika нашри билан суҳбатда қозоғистонлик публицист ва фаол Арман Шораев муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, кеча рамзий сана — Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганига аниқ 1418 кун тўлди. Айнан шунча вақт Иккинчи жаҳон уруши давомида совет қўшинлари немис нацистлари устидан ғалаба қозонгунга қадар давом этган. «Бу 1418 кун ичида Россия босқинчилари Донецк шаҳри атрофидан Покровск шаҳри остонасигача 80 километргина масофани босиб ўтди. «Рус қуроли» ва рус армиясининг «қудрати» ҳақида айтиш мумкин бўлгани шу», — деди у.
Шораев бу сана Россия учун барча фронтларда — аввало ҳарбий ва сиёсий майдонларда — жуда оғир эканини қайд этди. «Шу боис, албатта, Соловёв саҳнага чиқарилди: у кун тартибини ўзгартириши, эътиборни бошқа томонга буриши керак эди. Янги йил Россия ва «рус дунёси» учун жуда ёмон янгилик — Венесуэла режими АҚШнинг «жарроҳона» операцияси орқали тўлиқ ағдарилиши билан бошланган бир пайтда фонида бундан бошқа йўл ҳам йўқ эди», — деди у.
Фаол АҚШ «махсус ҳарбий операция»ни қандай ўтказиш кераклигини намойиш этганини таъкидлади: «37 дақиқада, бирорта ҳам техникаси талафот кўрмасдан, қурбон бермасдан ва энг муҳими — қўйилган мақсадга тўлиқ эришган ҳолда».
Унинг сўзларига кўра, Россия янги йилда ҳам «ўзининг содиқ сатраплари ва тарафдорларини» йўқотишда давом этмоқда. «Ҳозир Эрон ҳам жуда катта хавф остида — гап ойлар эмас, балки кунлар ёки ҳафталар ҳақида кетяпти. Шу нуқтайи назардан Соловёвнинг савол қўйиши «мантиқий»дек кўринади», — деди Шораев.
У ўтган йили Россия «нафақат Озарбойжонни, балки Арманистонни ҳам йўқотишга улгургани»ни қайд этди. «СССР парчаланганидан кейинги барча йиллар давомида Россия Озарбойжонни душман сифатида қабул қилиб, ўзининг содиқ иттифоқчиси — Арманистонни қўллаб-қувватлаб келди. Оқибат эса маълум. Жанубий Кавказда Россиянинг иттифоқчилари кескин камайди. Қолаверса, Доналд Трамп номи билан боғланадиган Зангезур коридори Туронни бирлаштириши мумкин. Россиянинг айрим ҳудудлари ҳам унинг парчаланишидан кейин ушбу йирик туркий бирлашманинг бир қисмига айланиши эҳтимолдан холи эмас», — деди у.
Хулоса қилиб, Шораев шундай деди: «Соловёв мажбуран шундай гапиряпти. Украина далаларида, Донбасс атрофида лойга ботиб қолган, Украина қуролли кучларига қарши нима қила олмаётган Россия шундай шароитида Марказий Осиё ёки Кавказ ҳудудида «СВО» ўтказиш — фантастика соҳасидан, пул эвазига одатдагидек сафсаталар айтиб келаётган Соловёвнинг навбатдаги бемаъни чиқиши, холос», деди у.
Сиёсатшунос Газиз Абишев ҳам пропагандачи Владимир Соловёвнинг шов-шувга сабаб бўлган баёнотига изоҳ берди. Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, баҳсли қарашлари билан танилган россиялик телебошловчи очиқ-ойдин халқаро ҳуқуқни инкор этишга чақирган.
«Бу нима?! Кремлнинг АҚШнинг Венесуэлага нисбатан ҳаракатларига билвосита реакциясими («уларга мумкин экан, демак бизга ҳам мумкин, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз»), Марказий Осиё ва Кавказга йўлланган сигналми («ҳаддан ошманглар, акс ҳолда ўт ва қилич билан келамиз»), ёки Соловёвнинг шахсий демаршимиди («қаранглар, қор босган Москванинг иссиққина студиясида ўтириб олиб, қандай жасур милитаристман»)? Балки буларнинг барчаси биргаликдадир, — деди Абишев.
Унинг таъкидлашича, дўстона давлатларга нисбатан бундай ҳеч қандай сабабсиз очиқ таҳдидли чиқишлар давлатлараро муносабатлар этикасининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Айниқса, Қозоғистон ва Россия президентлари яқиндагина ўзаро табриклар алмашиб, иттифоқчилик муносабатлари ҳақида гапириб турган бир пайтда.
«Ўз давлатингнинг геосиёсий манфаатларини белгилаш, бу нормал ҳол. Қўшнилар билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашувга жамиятнинг реакцион қисмини тайёрлаш эса мутлақо бошқа масала», — деди Абишев.
Шу билан бирга, сиёсатшунос нафрат қўзғатувчи риторика ўз вазифасини бажараётганини ҳам қайд этди. Кўп жиҳатдан айнан Соловёв каби демагоглар туфайли Қозоғистоннинг бошқа давлатлар — масалан, Хитой ва Туркия билан тинч иқтисодий ҳамкорлиги айрим россияликлар томонидан «орқадан зарба» ёки дўстона бўлмаган хулқ-атвор сифатида қабул қилинмоқда.





