
Дунёнинг энг бой 10 миллиардери аниқланди
Forbes янги рейтингига кўра, технологик бизнес етакчилари 2026-йил бошида ҳам глобал бойликлар тақсимотида устунлигини сақлаб қолди.

Forbes журнали 2026 йил 12 январ ҳолатига кўра дунёдаги энг бой 10 нафар инсон рўйхатини эълон қилди. Рейтингда технологик компаниялар асосчилари ва йирик инвесторлар етакчи ўринларни эгаллади. Энг юқори бешликда Илoн Маск, Ларри Пейж, Жефф Безос, Сергей Брин ва Ларри Эллисон қайд этилди.
Рейтингда биринчи ўринни 722,9 миллиард доллар бойлик билан Илoн Маск эгаллади. У ўз капиталининг асосий қисмини юқори технологияли лойиҳалар орқали шакллантирган. SpaceX ва Tesla компаниялари Маск бойлигининг асосий манбаи ҳисобланади. Шунингдек, у X ижтимоий тармоғи, Neuralink ва қатор инновацион стартапларга ҳам эгалик қилади.
Иккинчи ўринда 269 миллиард доллар бойлик билан 52 ёшли Ларри Пейж жой олди. У Google қидирув тизимининг асосчиларидан бири сифатида танилган. Пейж 2019 йилда Alphabet компанияси бош директори лавозимини тарк этган бўлса-да, компанияда назорат қилувчи акциядор сифатида қолмоқда.
Учинчи ўрин 257,1 миллиард доллар бойлик билан Жефф Безосга насиб этди. У Amazon компаниясини 1994 йилда ташкил этган ва ҳозирга қадар унинг энг йирик акциядори ҳисобланади. Безос, шунингдек, Blue Origin аэрокосмик компанияси ва The Washington Post нашрига эгалик қилади.
Тўртинчи ўринда 248,2 миллиард доллар бойлик билан Сергей Брин қайд этилди. У Google’ни Ларри Пейж билан бирга ташкил этган ва ҳозир ҳам Alphabet’да стратегик таъсирга эга.
Бешинчи ўрин эса 248 миллиард доллар бойлик билан Oracle компанияси асосчиларидан бири Ларри Эллисонга тегишли.
Иккинчи бешталикка Марк Цукерберг (223,9 млрд доллар), Бернар Арно (195,2 млрд доллар), Женсен Хуанг (160,5 млрд доллар), Уоррен Баффет (147,6 млрд доллар) ва Стив Балмер (146,1 млрд доллар) кирди.
2025 йилда глобал бойлик тақсимотига кўра, энг бой 10 фоиз аҳоли 75 фоиз бойликка эга бўлган. Ўрта қатлам ҳисобланган 40 фоиз аҳоли улуши 23 фоизни, энг камбағал 50 фоиз аҳоли эса дунё бойликларининг атиги 2 фоизини назорат қилади.





