Германия Марказий Осиё давлатларидан Россияга қарши санкцияларга риоя қилишни талаб қилди
Унга кўра,Марказий Осиё давлатлари Россияга Европа чекловларини четлаб ўтишга имкон бермоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши жорий этилган Европа санкцияларига риоя қилиши ва Украина томонида туриши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда у Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ТИВ раҳбарлари билан Берлиндаги учрашув олдидан баёнот берган.
Берлиннинг қатъий позицияси ва айбловлар
Германия ТИВ раҳбари Йоҳан Вадефулнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи томонидан Россиянинг «ҳарбий машинаси»ни тўхтатиш учун жорий этилган санкциялар Марказий Осиё орқали айланиб ўтилмоқда. Вазир бу ҳолатни шунчаки иқтисодий масала эмас, балки Европа хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид деб баҳолади.
«Бугун мен аниқ айтмоқчиман: ушбу санкцияларни четлаб ўтишга уринишлар Россиянинг босқинчилик урушини қўллаб-қувватлайди ва шу тариқа Европа Иттифоқи хавфсизлиги манфаатларига бевосита таҳдид солади», — деди Вадефул.
Ўзбекистоннинг муносабати
11 феврал куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Берлинда Германия ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул билан учрашди. Унда стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилган. Саидов яқин келажакда Германия ТИВ раҳбарини Тошкентда кутишини маълум қилган.
«Савдо, энергетика ва минтақавий барқарорлик каби муҳим йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, бўлажак саммитлар ва Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгаши каби ташаббуслар орқали иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидладик. Ҳамкорлигимизни янада илгари суришни ҳамда яқин келажакда ҳамкасбимни Тошкентда қутлашни интиқлик билан кутамиз», - деб ёзди Бахтиёр Саидов.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи 2026 йил 26 январда Россия газига тўлиқ тақиқни тасдиқлади. Шунингдек, феврал ойи охирида Россияга қарши навбатдаги 20-санкциялар пакетини қабул қилиш режалаштирилган.





