Макрон: АҚШ доллари билан рақобат қилиш вақти келди
Франция президенти Эммануэл Макрон Европа Иттифоқи еврооблигациялар орқали қўшма қарз олиш механизмларини ишга тушириши кераклигини айтди. Унинг фикрича, бу қадам АҚШ долларининг гегемониясига қарши туришга ёрдам беради.

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувига икки кун қолганида, Франция президенти Эммануэл Макрон «Le Monde» ва бошқа бир қатор Европа нашрларига берган интервюсида 27 аъзо давлатни атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, шунингдек, сунъий интеллект ва квант технологиялари соҳаларига қўшма инвестициялар киритишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, бу қадамлар Европа Иттифоқининг ортда қолиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
«Европа Иттифоқи АҚШ ва Хитой билан таққослаганда етарлича қарздор эмас. Технологик инвестициялар пойгаси кетаётган бир пайтда бу қарз олиш имкониятларидан фойдаланмаслик жиддий хатодир», – деди Макрон.
«Хотиржамликка берилмаслик керак»
Президентнинг фикрича, бу ташаббус стратегик инвестицияларни молиялаштиришга хизмат қилади ва Европа Иттифоқига «долларнинг гегемониясига қарши туриш» имконини беради.
Бу позиция Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари 12 феврал куни Брюсселда рақобатбардошлик масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилиш арафасида билдирилди. Гренландия инқирозидан сўнг, Эммануэл Макрон европаликларни «қўрқоқона, қисқа муддатли хотиржамлик»ка берилмасликка ҳам чақирмоқда.
«Сўнгги тўққиз йил давомида мен янада суверен Европа учун курашиб келяпман. Менимча, концептуал ўзгариш рўй берди ва биз бир неча йил аввал тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган кўплаб чора-тадбирларни қабул қилдик. Масалан, қўшма молиялаштириш ва умумий лойиҳаларга асосланган Европа мудофаа тизимини яратдик. Биз мафкуравий жиҳатдан ғалаба қозондик. Аммо ҳаракат суръати ҳам, кўлам ҳам ҳали етарли эмас», – деди Макрон.





