add

Марказий Осиё қачон Россиядан ўзиб кетади?

Bugun 15:552 daqiqa

Кремл пропагандачиси Владимир Соловёв Марказий Осиё республикаларига уруш эълон қилиш билан таҳдид қилгач, гарчи Россия ва Марказий Осиё республикалари аҳолиси ва иқтисодиётини солиштириш зарурияти юзага келди.

Марказий Осиё қачон Россиядан ўзиб кетади?

Ҳамон аҳоли сони ва иқтисодёт кўлами, ҳарбий қудрат жиҳатидан Россия Марказий Осиёнинг 5 давлатидан бироз олдинда бўлса ҳам, орадаги фарқ йилдан йилга қисқариб келаётгани — факт.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Марказий Осиё иқтисодий жиҳатдан ва аҳоли нуфуси жиҳатдан қачон Россиядан ўзиб кетишини ҳисоблаб чиқди.

 

Марказий Осиё иқтисодиёти қачон Россияни қувиб ўтади?

2000 йилда Марказий Осиё иқтисодиёти Россия иқтисодиётининг 14,3 фоизини ташкил этган. 2024 йилга келиб эса бу кўрсаткич 22,5 фоизга етган. Яъни, бу даврда Марказий Осиё давлатларидаги нисбатан юқори ўсиш бу фарқнинг қисқаришига замин яратган. Хусусан, бу даврда Россия иқтисодиёти (доллардаги номинал ЯИМ) ўртача 9,2 фоизга ўсган бўлса, Марказий Осиё иқтисодиётида ўртача кўрсаткич 11 фоизни ташкил этган.

Биргаликдаги иқтисодиётимиз эса Пандемиядан кейинги даврдаги ўсиш билан 2070 йилда, 2017 йилдан кейинги ўртача ўсиш билан 2076 йилда, сўнгги 20 йилдаги ўртача ўсиш билан эса 2067 йилда Россия иқтисодиётини қувиб ўтади.

Жон бошига ўртача даромад эса ҳозирги кунда Россиядан 2,5 баробар паст бўлса, 2066 йилга келиб Россиядаги кўрсаткичдан ўтиб кетади, аср сўнгида  эса ўртача Марказий Осиёлик ўртача Россияликдан 2,4 баробар бойроқ бўлиши мумкин (20 йиллик ўртача ўсиш билан).


Аҳоли сони-чи?

Шунингдек, Марказий Осиёнинг биргаликдаги аҳолиси 2000 йилда Россия аҳолисининг 38 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 56 фоизга етган.  Бу даврда Россия аҳолиси 1 фоизга қисқарган бўлса Марказий Осиё аҳолиси 46 фоизга ўсган.

БМТ прогнозларига кўра, 2068 йилда Марказий Осиё аҳолиси 130 млнни ташкил этиб, Россия аҳолисини етиб олади. Бунда, ҳозиргига нисбатан Россия аҳолиси 10 фоизга қисқарса, Марказий Осиё аҳолиси 60 фоизга ўсади. XXI аср сўнггига келиб эса Марказий Осиё аҳолиси Россия аҳолисидан 18 фоизга кўпроқ  бўлиши мумкин.

Ҳар қандай таҳдидга энг муносиб жавоб интеграциянинг янада чуқурлашиши ҳамда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳисобланади. Шунингдек, ҳозирги каби аҳолининг динамик кўпайишда давом этиши ҳам  жуда муҳим. Агар тарихий ўсиш суръатлари сақланиб қолса, Марказий Осиё тахминан 40 йилда Россиядан ҳам иқтисодий ҳам демографик жиҳатдан устун бўлиши мумкин. Марказий Осиёда интеграциянинг чуқурлашиши эса бу жараённи янада тезлаштириши шубҳасиз.

Teglar

Mavzuga oid