Ўзбекистонда 2026 йилда 1 млн норасмий иш ўрни расмийлаштирилади
Норасмий бандликни қисқартириш орқали аҳоли даромадини ошириш ва бизнес муҳитини соғломлаштириш режалаштирилмоқда.

2026 йилда Ўзбекистонда 1 миллион норасмий иш ўрнини легаллаштириш режалаштирилмоқда. Бу вазифа президентнинг ҳудудларни янги ёндашувлар асосида ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган қарорида белгилаб берилган. Ҳужжатга мувофиқ, йил охиригача норасмий меҳнат муносабатларини расмий секторга ўтказиш давлат органлари учун асосий устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.
Иш ўринларини легаллаштириш режаси
Масъул идоралар ўртасида ҳудудлар кесимида аниқ кўрсаткичлар тақсимланган. Солиқ қўмитаси 460 минг иш ўрнини расмийлаштириши керак. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига 125 мингтадан иш ўрни тўғри келади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 105 минг нафар ишловчини расмийлаштиришга масъул бўлса, Ижтимоий ҳимоя агентлиги 100 минг нафар фуқарони қамраб олади. Шунингдек, Транспорт вазирлиги 75 минг, Туризм қўмитаси эса 10 минг иш ўрнини легаллаштиришда иштирок этади.
Назорат ва огоҳлантириш механизми
Янги тартибга кўра, ҳоким ёрдамчилари хатлови орқали аниқланган норасмий бандлик ҳолатлари бўйича Давлат меҳнат инспекцияси иш берувчиларга «Ягона миллий меҳнат тизими» орқали огоҳлантириш хати юборади. Агар қонунбузилиш 3 иш куни ичида ихтиёрий бартараф этилмаса, бу текширув ўтказиш учун асос бўлади. Бироқ, иш берувчи бир ой ичида меҳнат шартномасини расмийлаштириб, иш ҳақини тўлиқ тўласа, маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Бизнес барқарорлиги рейтингига таъсир
2026 йил 1 мартдан тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида норасмий бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст иш ҳақи салбий мезон сифатида инобатга олинади. Бу чора бизнесни қонуний майдонга чиқишга рағбатлантириши кутилмоқда.
Ҳисобга олиш ва ахборот алмашинуви
Легаллаштирилган фуқаролар рўйхатлари ҳар ой маҳаллалар кесимида махсус платформага киритилади. Кейинчалик ушбу маълумотлар Солиқ қўмитаси орқали текширилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Бу тизим иш ўринларини «соя» иқтисодиётидан чиқаришда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.





