Рамзан Қодиров ўғли билан боғлиқ хабарларга ойдинлик киритди

10.02.2026 | 20:392 daqiqa

Январ ўрталарида Адам Қодиров иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.

Рамзан Қодиров ўғли билан боғлиқ хабарларга ойдинлик киритди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўғли Адам Қодиров иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги миш-мишларни уйдирма деб атади — бу ҳақда сиёсатчи Чеченистон прокурори билан учрашувда сўз очди, дея ёзмоқда РИА Новости.

Рамзан Қодиров фейкларга қарши курашни Чеченистон учун долзарб деб атади.

«Сунъий интеллект ёрдамида исталган одамни алдаш мумкин... Қаердандир пайдо бўлган Қодировнинг ўғли аварияга учрагани ҳақидаги уйдирма жаҳон янгиликларида биринчи рақамли мавзуга айланди», - деди у.

Қодировнинг сўзларига кўра, Чеченистонга тегишли бўлган ишончсиз маълумотлар доим нима учундир медиа соҳасида алоҳида шов-шувга сабаб бўлади.

Январдаги ЙТҲга доир миш-мишлар

Эслатиб ўтамиз, январ ўрталарида тармоқда Адам Қодиров иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди.

«ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали манбаларга таяниб хабар беришича, дастлаб оғир деб баҳоланган Адам Қодировнинг аҳволи Москвадаги Боткин шифохонасига ётқизилганидан кейин яхшиланган. Канал Адамнинг соғлиғи ҳақида бошқа тафсилотларни келтирмаган.

Бироқ, NIYSO мухолифат ҳаракати ва «Новая газета Европа» Адам ҳаётига хавф туғдирмайдиган бир нечта арзимас жароҳатлар олгани ҳақида ёзган. NIYSO жағ суяги синиши ва юздаги тирналишлар ҳақида хабар берган бўлса, «Новая-Европа» — эҳтимолий бош мия чайқалиши ва лат ейишлар ҳақида ёзди. Хавфсизлик камарлари ҳамда ёстиқчалари унга жиддий жароҳатлардан сақланишга ёрдам берган.

Аввалроқ, «Кавказ.Реалии» ЙТҲдан кейин Адам Грозний касалхонасининг реанимациясига ҳушсиз ҳолатда олиб келингани ҳақида ёзган эди. Шифохонадаги гувоҳлар унинг аҳволи шу қадар оғир бўлганидан Қодировнинг ворисини «таниб бўлмасди» деб даъво қилишган.

Дубайга парвозлар

«Важные истории» каналининг ёзишича, кичик Қодиров ФВВнинг «учувчи госпитали»да Москвадаги Боткин шифохонасига олиб борилган. Ўша ФВВ борти 18 январ куни эрталаб аввал Москвадан Дубайга учган, қўнганидан бир ярим соат ўтиб Грознийга йўл олган, 19 январ куни эрталаб эса яна Москвага қайтган.

Сизиб чиққан маълумотларга кўра, Қодировлар оиласи БААда бир нечта виллаларга эгалик қилади.

«2025 йил бошида Рамзан Қодиров Владимир Путин билан ўз активларининг келажаги ва оила аъзоларининг хавфсизлиги бўйича Яқин Шарқ мусулмон монархиялари вакиллари билан келишилмаган музокараларни яширишга урингани сабаб уришиб қолган эди», - дея ёзган «Важные истории» канали.

Бундан ташқари, Рамзан Қодиров ўғлининг оғир ЙТҲда жабрлангани ҳақидаги миш-мишлар фонида Адам Қодировга мукофот топширилганди.

Teglar

Mavzuga oid