Садир Жапаров Қирғизистон куч тузилмаларини қайта шакллантирди

10.02.2026 | 21:422 daqiqa

Ўзгаришлар Жапаровнинг Қамчибек Ташиевни истеъфога чиқариши ҳамда айрим шахсларнинг «генерал номидан фойдаланиб» давлат тузилмаларида бўлиниш келтириб чиқаришга урингани ҳақидаги гаплари фонида юз бермоқда.

Садир Жапаров Қирғизистон куч тузилмаларини қайта шакллантирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 10 феврал куни ўз фармони билан Чегара хизматини Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (МХДҚ) таркибидан чиқарди ва мустақил орган — Давлат чегара хизмати этиб қайта ташкил этди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Чегара хизмати директори ва МХДҚ раисининг биринчи ўринбосари Абдикарим Алимбаев ушбу лавозимлардан озод этилди ва Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди.

Бошқа бир фармон билан Жапаров Қирғизистон президенти ҳузурида Давлат қўриқлаш хизматини ташкил этишга қарор қилди — у МХДҚнинг Тўққизинчи хизмати негизида тузилди. Давлат қўриқлаш хизмати бевосита давлат раҳбарига бўйсунади.

Давлат бирлигини мустаҳкамлаш

Бу ўзгаришлар МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг 10 феврал куни эълон қилинган истеъфоси фонида юз бермоқда. Жапаров бу қарорни давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятдаги бўлинишнинг олдини олиш истаги билан изоҳлади. Шу билан бирга, бўлиниш ҳақида гапирганда, президент Ташиевни эмас, балки «ўз ҳаракатлари билан жамиятда салбий вазият юзага келиши учун шароит яратган» бир неча жамоат арбобларини назарда тутган.

«Гап Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узакбаев ва бошқа шахслар ҳақида бормоқда, улар Қамчибек Ташиев номидан фойдаланиб, депутатлардан тортиб жамоат арбоблари ва зиёлиларгача бўлган турли одамларга қўнғироқ қилишган ва: «Генерал томонга ўтинг, бунга қўл қўйинг, келинг бундай қилайлик, келинг ундай қилайлик» ва ҳоказо деб, уларни турли ҳаракатларга ундаган. Шу тариқа, улар ўз ҳаракатлари билан, жумладан Жогорку Кенеш (парламент) каби давлат тузилмаларида масъул лавозимларни эгаллаб турган шахслар орасида ҳам салбий вазият юзага келиши учун шароит яратишган», - дея Жапаровнинг сўзларини келтирди унинг матбуот котиби Аскат Алагозов.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳозирда Қамчибек Ташиев даволаниш учун Германияда бўлиб турибди ва ўз истеъфоси ҳақида тегишли фармон чиққандан кейин хабар топган.

Teglar

Mavzuga oid