Президент қарийб 1 млн гектар яйловларни тиклаш режаларини маъқуллади

10.02.2026 | 08:582 daqiqa

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ерларини кенгайтириш, яйловларни тиклаш ва аграр фанни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган комплекс режаларни маъқуллади.

Президент қарийб 1 млн гектар яйловларни тиклаш режаларини маъқуллади © Foto: Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев 9 феврал куни қишлоқ хўжалиги ерларини кенгайтириш ва аграр фанни модернизация қилишга бағишланган тақдимот билан танишди.

Унда сўнгги беш йилда ирригация ва мелиорация ишлари орқали 826,5 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилгани қайд этилди. Шу ҳажмдан 409 минг гектари суғориладиган майдонлар, қарийб 418 минг гектари эса ер ости сувларидан фойдаланиш, лалми ерлар ва яйловларда кам сув талаб қиладиган экинлар жорий этиш ҳисобига ўзлаштирилган.

Тақдимотда яйлов ерларини яхшилаш бўйича келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди. 2030 йилгача қўшимча 938 минг гектар яйловларни мелиоратив ва тиклаш ишлари билан қамраб олиш кўзда тутилган. Хусусан, 2026–2027 йилларда 620 минг гектар яйловларни тиклаш режалаштирилган.

Режаларга кўра, 300 минг гектарда яйлов экинлари экилади, 130 минг гектарда сув чиқариш қудуқлари ўрнатилади. Бу чоралар 960 минг бош майда шохли чорва учун яйлов яратиш, шу орқали гўшт ва жун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.

 

Аграр фан ислоҳоти

Тақдимотда аграр фан тизимини тубдан янгилаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Амалдаги институционал модел ўз салоҳиятини тўлиқ тугатгани, фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида узвий боғлиқлик етарли эмаслиги қайд этилди.

Шу муносабат билан 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олим ва тадқиқотчиларни бирлаштирган ягона тузилма — Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш таклиф этилди. Янги академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида биотехнология, ген муҳандислиги, ҳибрид уруғчилик, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, дрон ва космик технологиялар, ер деградацияси, тупроқ саломатлиги, органик деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги белгиланди.

Шунингдек, академия фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чоралар ҳам назарда тутилмоқда.

 

Кадрлар ва ишлаб чиқариш

Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Ҳозирда Тошкент давлат аграр университетида 13,6 минг талаба таҳсил олмоқда, аммо битирувчиларнинг атиги 55 фоизи мутахассислиги бўйича ишга жойлашмоқда. Шу боис таълим, фан ва ишлаб чиқаришни боғловчи яхлит тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Режага кўра, 6,8 минг талаба ишлаб чиқариш корхоналари ва агрокластерларда амалиёт ўтайди, 2,6 мингдан ортиғи илмий-тадқиқот институтларига жалб этилади. Фермерлар фарзандларини имтиёзли шартлар асосида ўқитиш, айрим йўналишларда таълим муддатини қисқартириш, талабаларга тракторист-машинист ва агродрон оператори малакасини бериш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, самарасиз ерларда боғ ва узумзорлар барпо этиш, иш ўринлари яратиш ҳамда импорт ўрнини босувчи кўчатчиликни ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid