add

Январ ойида инфляция даражаси 0,7 фоизга пасайди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда ойлик инфляция 0,7 фоиз бўлиб, йиллик кўрсаткич 7,2 фоизгача тушди.

Январ ойида инфляция даражаси 0,7 фоизга пасайди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда истеъмол нархларининг ойлик ўсиши 0,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўзгаришсиз қолган бўлса-да, йиллик инфляция даражаси сезиларли равишда пасайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик инфляция 2025 йилнинг январ ойига нисбатан 9,9 фоиздан 7,2 фоизга тушган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобга олмаган ҳолда инфляциянинг ойлик йиғма даражаси 0,6 фоизга етди. Бу ўтган йил январ ойида қайд этилган 0,4 фоиздан юқори. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархларининг йиллик ўсиш суръати 12 фоиздан 8,1 фоизгача секинлашгани қайд этилди.

Озиқ-овқат маҳсулотларидаги кўрсаткич

Январ ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,8 фоизга ошди. Бу декабр ойидаги 1,5 фоизлик ўсишдан паст. Аммо йиллик ҳисобда озиқ-овқат инфляцияси анча тезлашиб, 2,6 фоиздан 5,5 фоизгача кўтарилди. Бу омил аҳоли истеъмол харажатларида сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ой давомида 0,4 фоизга ошган бўлса, йиллик ҳисобда 5,2 фоизлик ўсиш кузатилди. Пуллик хизматлар сегментида эса ойлик ўсиш 0,8 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда хизматлар нархи сезиларли даражада қимматлашиб, юқори суръатда ўсишни сақлаб қолди.

Йиллик инфляция энг юқори ҳудудлар

Ҳудудлар кесимида ойлик инфляция деярли барча вилоятларда 0,6–0,7 фоиз атрофида шаклланди. Йиллик инфляциянинг энг юқори даражаси Фарғона вилоятида 7,7 фоиз бўлса, энг паст кўрсаткич Жиззах вилоятида 6,7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, январдан бошлаб инфляцияни ҳисоблашда халқаро стандартларга асосланган янги методология қўлланила бошланди.

Жумладан:

Савдо шохобчаларида нархларни планшетлар ёрдамида рақамли рўйхатдан ўтказиш;

Солиқ органлари маълумотлар базасидан онлайн-касса чекларидаги нархлар тўғрисидаги маълумотлар;

Хизматлар етказиб берувчилар ва ритейлерларнинг маълумотлари;

Сайтлар ва бошқа онлайн манбаларни таҳлил қилиш (веб сcрапинг);

Телефон сўровлари.

Ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун истеъмол нархлари тўғрисидаги маълумотлар ойнинг 11 куни ўрнига 25 кун давомида тўпланади. Шунингдек, кузатувлар учун товарлар ва хизматлар рўйхати янгиланди — хусусан, стриминглар, мессенжерлар ва сунъий интеллект хизматларига пуллик обуналар, электр самокатлар ижараси ва электромобилларни қувватлаш шулар жумласидандир.

Teglar

Mavzuga oid