Россияда бодринг нархи гўшт нархига яқинлашди
Қиш мавсуми, совуқлар ва иссиқхона харажатларининг ўсиши фонида Россияда бодринг нархи кескин ошиб, айрим ҳудудларда гўшт қийматига яқинлашиб қолди.

Россияда бодринг нархи йил бошидан бери кескин ўсишни намойиш этди. «Forbes»нинг «Руспродсоюз» маълумотларига асосланиб ёзишича, феврал ойи бошига келиб бодрингнинг ўртача чакана нархи 1 килограмм учун 300,1 рублга етган. Бу кўрсаткич ўтган йил ноябрь ойига нисбатан 111,1 фоизга юқори.
«АБ-Центр» таҳлилчилари эса декабр охиридан бери чакана бозорда нарх 41,8 фоизга ошганини қайд этмоқда: 223,7 рублдан 317,2 рублгача. Айрим ҳудудларда истеъмолчилар бодринг нархи 500 рубл, ҳатто 1 минг рублгача етгани ҳақида шикоят қилмоқда. Натижада, бодринг амалда гўшт билан бир қаторга чиқди: Росстат маълумотларига кўра, 2 феврал ҳолатига 1 килограмм чўчқа гўшти 396,93 рубл, мол гўшти эса 700,5 рубл турган.
Қишки омиллар
Ритейлерлар ва мутахассислар нарх ошишини бир неча омил билан изоҳламоқда. «Лента» гипермаркетлари тармоғи вакилларига кўра, қиш ойларида иссиқхоналарда ҳосилдорлик пасайиши, янги йил байрамларидан кейин талабнинг ошиши ҳамда логистика харажатлари анъанавий равишда сабзавотлар нархига босим ўтказади.
Бу йил эса вазиятни аномал совуқлар янада оғирлаштирди. Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида паст ҳароратлар теплицаларда ҳосилдорликни кескин камайтирган. Шу билан бирга, қаттиқ совуқлар сақлаш муаммоларини ҳам келтириб чиқарди: улгуржи базаларда ва майда улгуржи савдода маҳсулот тезроқ бузила бошлади, дея таъкидлайди «АБ-Центр» бош директори Алексей Плугов.
Қачон арзонлашади?
Мутахассислар феврал ойини энг қийин давр деб ҳисоблайди. Бу ойда ишлаб чиқариш харажатлари юқори, нархлар эса энг чўққисида бўлади. Шу билан бирга, Россия бозори бодринг билан деярли тўлиқ ўзини ўзи таъминлайди: «АБ-Центр» маълумотларига кўра, маҳаллий таъминот улуши 95 фоизни ташкил этади, 2025 йилда саноат ҳосили 897,8 минг тоннани ташкил қилган.
Плугов прогноз қилишича, феврал ойида ишлаб чиқариш январга нисбатан 35 фоизга қисқаради. Бироқ март ойидан ёруғ кунлар узайиши билан иссиқхоналарда ёритиш ва иситиш харажатлари камаяди. АКОРТ раиси Станислав Богдановга кўра, бу омиллар сабзавотлар нархининг пасайишига олиб келади. Март ойида ҳосил февралга нисбатан камида бир ярим баробарга, апрелда эса икки–икки ярим баробарга ўсиши кутилмоқда.





