
Сурхондарёда аёл ва 5 ойлик чақалоғини молхонада сақлаганлар қамалди
Узун туманида 28 ёшли аёл ва унинг 5 ойлик фарзандини бир неча ой молхонада сақланганларга суд ҳукми ўқилди.

Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг 5 ойлик чақалоғини молхонада тутқунликда сақлаб келган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Суд аёлнинг турмуш ўртоғи А.Ш.ни бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. У Жиноят кодексининг оиладаги зўравонлик, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жиноятга суиқасд, одам савдоси ҳамда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишга оид моддалари билан жавобгар деб эътироф этилди. Ушбу жиноятлар жамланмаси асосида унга 13 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд жараёнида эркакнинг икки нафар қариндоши — М.Ш. ва К.Ш. ҳам айбли деб топилди. Уларга нисбатан қасддан оғир тан жароҳати етказиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жиноятга суиқасд, одам савдоси ва ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш моддалари қўлланилиб, ҳар бири 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Яна бир қариндош З.А. эса ушбу жиноятлар содир этилишида иштирок этган деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд ҳукмида жазо тури ва муддати шахснинг жиноятдаги роли ва оғирлатувчи ҳолатлардан келиб чиқиб белгилангани қайд этилди.
Олий суд ахборотига кўра, тарафлар биринчи инстанция суди ҳукми устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Сурхондарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга.





