Тўқаев: Қозоғистон «суперпрезидентлик» бошқарув шакли билан хайрлашди
Президентнинг айтишича, Қозоғистоннинг сиёсий тизими асосига «Кучли президент – таъсирли парламент – ҳисобдор ҳукумат» концепцияси жорий этилади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатни бошқариш тизими мутлақо янги асосда яратилади.

Қозоғистон барҳам топаётган «суперпрезидентлик» бошқарув шаклидан президентлик республикасига тўлиқ ўтмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев бугун, 10 феврал куни ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида маълум қилди.
«Янги Конституция лойиҳасида белгиланган меъёрлар Қозоғистон сиёсий тизимининг ривожланиш изчиллиги ва мантиғини, “Кучли президент – таъсирли парламент – ҳисобдор ҳукумат” концепцияси асосида мустаҳкамлайди. Cўнгги йиллардаги сиёсий ислоҳотларга кенг қамровли назар ташласак, Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шакли билан батамом хайрлашиб, нуфузли ва таъсирли парламентга таянадиган президентлик республикасига ўтаётганини кўриш мумкин», – деди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган ислоҳотлар бу жараённи табиий равишда давом эттиради ва сўнгги йиллардаги сиёсий янгиланишлар, жумладан 2022 йилги конституцион ўзгаришлар билан бирга, давлатнинг конституцион асосларини тўлиқ қайта ишга тушириш заруратини кун тартибига қўяди.
«Аслида гап мамлакатни бошқаришнинг янги тизимини яратиш ҳақида бормоқда. Янги Конституциядаги янгиликлар ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлаш, мувозанат ва текширув тизимини янада мувозанатли қилиш ҳамда, энг муҳими, барча сиёсий институтларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш имконини беради. Янги Конституция лойиҳасида «инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун» тамойили янада аниқ ва ҳис этиладиган шакл касб этган. Биз 2019 йилдан бери изчил равишда айнан шу мақсад сари ҳаракат қиляпмиз»», – деди Тўқаев.
Конституцион ислоҳот
Қозоғистоннинг янги Конституция лойиҳаси аллақачон эълон қилинди: республика ҳокимияти амал қилаётган 101 модданинг 77 тасига ўзгартишлар киритмоқчи. Ислоҳотни амалга ошириш билан Конституция суди раиси бошчилигидаги 130 аъзодан иборат конституциявий комиссия шуғулланмоқда.
Ислоҳотнинг бошланғич нуқтаси 2025 йил 8 сентябрда Тўқаевнинг халққа мурожаатида айтилган бир палатали парламентқа ўтиш ташаббуси бўлди. Ҳозирда Қозоғистон парламенти икки палатали – сенат ва мажилисдан иборат.
Ислоҳотларга сабаб 2022 йил январда бошланган оммавий норозиликлар бўлди. Улар мамлакатнинг жанубий ғарбидаги Жанаозен шаҳрида қатор қиёсий газ нархлари кескин ошиши туфайли бошланиб, қисқа вақт ичида бошқа йирик шаҳарларга ҳам тарқалди. Норозиликлар давомида вайронгарлик ва зўравонликлар юз берди. Иқтисодий талаблардан бошланган норозиликлар сўнг сиёсий талабларга айланди. Хусусан, ҳукуматнинг истеъфоси ва биринчи президент (1991–2019) Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан чиқиши талаб қилинди. Норозиликларни бостиришда 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани айтилади.





