Виeтнамда дунёнинг энг катта стадиони қурилади

10.02.2026 | 13:552 daqiqa

Виeтнамда қурилиши бошланган 135 минг ўринли «Trong Dong» стадиони 2028 йилда очилиши режалаштирилмоқда ва у жаҳондаги энг йирик спорт иншоотига айланиши кутилмоқда.

Виeтнамда дунёнинг энг катта стадиони қурилади

Виeтнам спорт инфратузилмасида тарихий қадам қўймоқда. 2025 йил декабр ойида қурилиши бошланган «Trong Dong» стадиони тўлиқ якунлангач, 135 минг томошабин сиғими билан дунёдаги энг катта стадион мақомини олади. Лойиҳани 2028 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Стадион нафақат миллий спорт эҳтиёжларини қондириш, балки Виeтнамни халқаро спорт ва маданий тадбирлар учун Осиёдаги йирик марказлардан бирига айлантириш мақсадини ҳам кўзлайди. Расмийлар таъкидлашича, ушбу инвестиция мамлакатнинг глобал спорт майдонидаги даъвосини намоён этувчи стратегик лойиҳа ҳисобланади.

Лойиҳа халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган. Қурилишда FIFA, AFC ҳамда Осиё Олимпия кенгаши талаблари инобатга олинган бўлиб, бу стадион келажакда йирик мусобақаларни қабул қилиш имконини беради.

Халқаро мусобақаларга тайёр

«Trong Dong» стадиони инфратузилмаси Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, FIFA ва қитъавий мусобқалар каби нуфузли мусобақаларни ўтказишга мослаб лойиҳалаштирилган. Шу жиҳати билан у Марокашда қурилаётган 120 минг ўринли «Grand Stade Hassan II» стадионидан ҳам каттароқ бўлади.

Лойиҳада қайтариб ёпиладиган том тизими назарда тутилган. Бу эса стадионни нафақат спорт мусобақалари, балки концертлар, фестиваллар, маданий тадбирлар ва оммавий йиғинлар учун ҳам йил давомида фойдаланиш имконини беради.

Мутахассисларнинг фикрича, кўп функцияли формат стадионнинг иқтисодий самарадорлигини оширади ва унинг доимий даромад манбаига айланишини таъминлайди.

Маданий рамз сифатида

Стадион архитектурасида Виeтнам миллий меросига алоҳида урғу берилган. «Trong Dong» — «бронза барабан» маъносини англатиб, иншоот шакли қадимги «Dong Son» цивилизациясининг бронза барабанларидан илҳомланган.

Виeтнам ҳукумати лойиҳани тақдим этар экан, стадион фақат спорт иншооти эмас, балки янги даврда мамлакатни ифодаловчи меъморий ва маданий рамз сифатида қаралаётганини таъкидлади. Расмий баёнотга кўра, мақсад — Виeтнамни жаҳон харитасида замонавий ва очиқ давлат сифатида намоён этиш.

Teglar

Mavzuga oid