АҚШ Арманистонга 13 млрд доллар сармоя йўналтиради
Вашингтон Арманистонга 13 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмига тенг.

АҚШ Арманистон иқтисодиётига рекорд даражада сармоя йўналтиришни режалаштирмоқда. «Bloomberg» маълумотига кўра, умумий инвестиция ҳажми 13 млрд доллардан ошади ва бу мамлакат йиллик ЯИМининг қарийб ярмига тенг. Расмий Вашингтон ушбу маблағлар Ереваннинг Россияга бўлган кўп йиллик иқтисодий ва энергетик қарамлигини камайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Арманистонга ташрифи доирасида фуқаролик атом энергетикаси бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатга кўра, 9 млрд долларгача маблағ янги атом станцияси қурилиши ва технология етказиб беришга йўналтирилади. Қўшимча 4 млрд доллар сунъий интеллект лойиҳаларига ажратилиши режалаштирилган. Арманистон ЯИМи тахминан 27 млрд доллар эканини ҳисобга олсак, бу иқтисодиёт учун беқиёс ҳажм ҳисобланади.
Ядро ҳамкорлиги ва янги йўналишлар
Ядро соҳасидаги келишув АҚШ компанияларига совет даврида қурилган ва мамлакат электр энергиясининг тахминан 40 фоизини таъминлайдиган Мецамор атом электр станцияси ўрнига янги қувватлар барпо этиш имконини беради. Илгари станция «Росатом» бошқарувида бўлган ва ёқилғи Россиядан етказиб берилган.
Вэнс ташрифи Жанубий Кавказда геосиёсий рақобат кучайган бир пайтда амалга оширилди. Еревандан кейин у Бокуга йўл олди ва у ерда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан стратегик шериклик хартияси имзоланди. Ҳужжат транспорт, энергетика, мудофаа ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни, шунингдек «Ўрта коридор» ва TRIPP лойиҳасини ривожлантиришни назарда тутади.
Минтақадаги янги баланс
АҚШ фаоллашуви 2025 йил августда Вашингтонда имзоланган Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги келишувдан кейин тезлашди. Ушбу ҳужжат Қорабоғ атрофидаги кўп йиллик зиддиятга нуқта қўйган эди.
Арманистоннинг АҚШ билан яқинлашуви 2020-йиллар бошидаги урушдан кейин кучайди. Ереван Россия ва КХШТдан кутилган ёрдамни олмаганини билдириб, ташкилотдаги иштирокини музлатди. 2023 йилда Арманистон АҚШ билан илк қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди. 2026 йил январда эса Арманистон ташқи ишлар вазири TRIPP лойиҳасида Россия иштирок этмаслигини маълум қилди.





