Ангела Меркел Германия президенти бўлиш ниятида эмас

Bugun 08:382 daqiqa

ГФРнинг собиқ канцлери Ангела Меркел Германия президенти лавозимига номзод бўлиши ҳақидаги гап-сўзларга аниқ жавоб берди ва бу тахминларни «асоссиз» деб атади.

Ангела Меркел Германия президенти бўлиш ниятида эмас

Германия собиқ канцлери Ангела Меркел «Tagesspiegel» нашрига берган жавобида унинг номзоди «Яшиллар» партияси томонидан амалдаги президент Франк-Валтер Штайнмайер ўрнига кўрсатилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Унинг матбуот котиби «бу гаплар асоссиз» деб баёнот берган. Аввалроқ «BILD» нашри партия раҳбариятида шундай хавотирлар борлиги ҳақида хабар тарқатган эди.

Маълумотларга кўра, «яшиллар» партиясининг Баден-Вюртембергдаги етакчи сиёсатчиси Жем Ўздемир Меркел номзодини илгари суриши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган. Бу эса Христиан демократлар иттифоқи (ХДИ) раҳбари Фридрих Мерц учун сиёсий жиҳатдан мураккаб вазият яратиши мумкин эди.

 

Мерц ва Меркел муносабати

Фридрих Мерц ва Ангела Меркел ўртасида узоқ йиллик сиёсий зиддият бор. 2002 йилда Меркел Мерцни фракция раҳбарлигидан четлатган, кейинчалик Мерц унинг асосий партиявий танқидчиларидан бирига айланган. Шу боис, агар Меркел номзоди илгари сурилганида, Мерц рад этиш ёки қўллаб-қувватлаш масаласида оғир танлов олдида қолиши мумкин эди.

Германия президентини сайлаш масаласи 2027 йил бошида чақириладиган Федерал мажлис ваколатига киради. ХДИ доирасида таълим вазири Карин Прин, Бундестаг раиси Юлия Клёкнер, Бавария парламенти раҳбари Илзе Айгнер ва собиқ партия раҳбари Аннегрет Крамп-Карренбауэр номлари тилга олинмоқда.

 

Сиёсий ҳисоб-китоб

ХДИ ва ХСИ иттифоқи Федерал мажлисда энг йирик фракцияга эга бўлгани учун номзод илгари суришда устунликка эга. Бироқ якуний ғалаба учун бошқа партиялар қўллаб-қувватлови ҳам талаб этилади.

Шу нуқтайи назардан қаралганда, Меркел номзоди назарий жиҳатдан имкониятли бўлиши мумкин эди. Аммо унинг расмий раддияси бу сценарийни кун тартибидан чиқарди ва партия ичидаги эҳтимолий зиддиятларни юмшатди.

Teglar

Mavzuga oid