add

Мирзиёев Туркияга жўнаб кетди

29.01.2026 | 12:391 daqiqa

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Анқарага жўнаб кетди. Олий даражадаги музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Мирзиёев Туркияга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 январ куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия етакчилари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишини ўтказади. Шунингдек, ташриф дастурига мувофиқ, бир қатор гуманитар тадбирларда иштирок этиш назарда тутилган.

Музокара мавзулари

Музокараларда Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлади.

Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, товар айирбошлашни ошириш, устувор иқтисодий тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, фаол маданий ва гуманитар алмашинувларни давом эттириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари қатор қўшма тадбирларда иштирок этади.

Teglar

Mavzuga oid