
«Тугамаган ишларни муҳокама қилмайлик». Алишер Усмонов қамоққа олинган судялар ҳақида
Акмал Шукуровнинг озод қилиниши ортидан қамоққа олинган судялар иши ҳали тегров қилинмоқда. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари иш бўйича ҳозирча изоҳ бермаслигини айтди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октабрдаги ҳукми билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган Акмал Шукуровнинг 2025 йил 9 декабрда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида озодликка чиқариб юборилгани ортидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича 3 нафар судяси ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимидан озод этилганди. Кейинчалик Бош прокуратура уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Бугун, 4 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтаётган матбуот анжуманида расмийлардан мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўралди.
«Ҳозир энди мен мана шу жиноят ишлар соҳасидаги энг катта мансабдор шахс бўлиб туриб фикр билдирсам, бу нотўғри бўлади. Чунки тергов объективлигига, эртага қолаверса, агар бу иш судга оширилса, суднинг холислигига таъсир қилиши мумкин. Келинг, озгина сабр қилайлик. Тергов ҳаракатлари якунлансин, суд ўзининг баҳосини берсин, ана ундан кейин гаплашсак тўғри бўлади», – деди Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усмонов.
Шунингдек, у жамоатчилик кўрилаётган ёки тергов кетаётган ишларни муҳокама қилаётгани, бундан турли фикрлар шакилланаётгани ва бу терговга ҳам, судга ҳам босим бўлишини айтди.
«Шунинг учун, келинглар, ҳаммамиз қонунга бўйсуниб, тергов бўлаётган, ҳали, айтайлик, суд якунланиб бир хулосага келмаган, ҳали кучга кирмаган бир воқеалар бўйича бир фикр юритишда эҳтиёт бўлайлик», – деди Алишер Усмонов.
Ўзи нима бўлган эди?
Тошкент шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 231-модда 2-қисми, 236-модда 2-қисми билан ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Мухтарама Тургуноваларга нисбатан Жиноят кодексининг 231-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш ҳужжатларига кўра, А.Шукуров жуда кўп миқдорда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш, безорилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этгани юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи А.Шукуров юқоридаги ҳукмдан норози бўлиб, судга қилган апелляция шикояти апелляция инстанциясининг судялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш тўғрисидаги хулосага келишган.
Бош прокуратурага кўра, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари М.Мирзажонов мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, ишни ҳар томондан, тўла ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилиб, суд ишларига аралашиб, судяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиши оқибатида, судялар О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар унинг топшириғи ноқонуний эканини олдиндан била туриб, одил судловни амалга ошириш ва қарор қабул қилишда мустақил бўлсалар-да, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига амал қилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинган ҳолда, жазони узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан қамоқдан озод этиб, оғир оқибатларга сабаб бўлган ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқаришган.
Юқоридагиларга кўра, жиноят иши доирасида шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари М.Мирзажонов ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Тургуновалар айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар прокуратураси протести асосида А.Шукуровга оид иш шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш иш инстанциясида кўрилиб, тегишли ажрим билан протест қаноатлантирилган ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, А.Шукуровга 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва суд залидан қамоққа олиниб, унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.





