add

Жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилганлар учун жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ижтимоий тармоқларда хориждаги қуролли можароларга жалб этишни тарғиб қилган материаллар учун маъмурий жавобгарлик белгилашни таклиф қилди.

Жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилганлар учун жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда © Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси 3 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, хорижий давлат ҳудудида ёки унинг тарафида қуролли можаролар ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш ёки намойиш этиш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланмоқда. Бу талаб ОАВ, ижтимоий тармоқлар ҳамда бошқа интернет платформаларига ҳам татбиқ этилади.

Мажлисда таъкидланишича, жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида кўп қаватли уйлар, тунги ёритиш устунлари ва бошқа оммавий жойларда граффити ва варақалар орқали хорижда ишлаш ёки катта даромад ваъда қилинган ҳолда фуқароларни жанговар ҳаракатларга жалб этувчи Telegram каналлар аниқланган. Айрим ҳолатларда бундай материалларда наркотик моддалар ташиш каби жиноий фаолиятга даъват этувчи манзиллар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни интернетда намойиш этганлик учун ҳам жавобгарлик белгилаш назарда тутилган. Бундан ташқари, интернет муҳитида ҳақорат қилганлик учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid