
15 млн ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари ўғирланди: масъуллар ҳамон сукутда
15 миллиондан ортиқ фуқароларнинг шахсий маълумотлари интернетга чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликни жиддий хавотирга солмоқда. Исм-фамилия, паспорт маълумотлари ва ЖШШИР каби ўта ҳассос ахборотлар эҳтимолий равишда очиқ айланмага тушган бир пайтда, масъул идоралардан аниқ ва тушунарли изоҳлар ҳамон йўқ.
Балки, эшитгандирсиз, сўнгги кунларда интернетда жуда хавотирли хабарлар айланмоқда. Давлат органларига тегишли ахборот тизимларидан фуқароларнинг шахсий маълумотлари ўғирлаб чиқилган. Ва, эътибор беринг, шахсий маълумотлари ўғирланган инсонлар сони 15 миллиондан ортиқни ташкил қилади. Бу эса вояга етмаган ва қарияларни чиқариб ташланса, Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли жами аҳолиси дегани.
Ҳозир айнан шунча инсоннинг шахсий маълумотлари исталган ғаразли ниятда фойдаланиш мумкин бўлган шаклда, Интернетда очиқ турибди.
Вазиятни янада яхшироқ тасаввур қилишингиз учун таъкидлашим керак: гап бу ерда оддий бир сайт ёки бирор идора ҳақида эмас. Гап — 15 миллиондан ортиқ кишининг исм-фамилия, паспорт серияси, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, туғилган санаси ва бошқа маълумотлари ҳақида кетмоқда. Шунингдек, айрим мутахассислар ҳакерлар ўзбекистонликларнинг солиқ ва тиббиётга оид маълумотларини ҳам қўлга киритган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.
Бундай маълумотлар билан эса ўзганинг номига кредит расмийлаштириш, фирибгарлик қилиш ва қисқаси, одамнинг ҳаётини бемалол издан чиқариб юбориш мумкин.
Шу ерда жуда муҳим савол туғилади:
Хўш, бу қандай содир бўлди?
Кучли ҳакерлик хужуми оқибатими ёки тизим жуда заифми?
Ҳозиргача расмий изоҳларда асосий эътибор «ҳакерлик ҳужуми бўлиши мумкин», деган жумлага қаратилмоқда. Лекин мутахассислар, мустақил дастурчиларнинг фикрлари бошқа манзарани кўрсатмоқда. Масалан, мустақил дастурчи Нурмуҳаммад Нурсаидовнинг ёзишича, бу ерда гап супер ҳакерлар ёки кинофилмлардаги каби мураккаб кибероперациялар ҳақида кетмаяпти.
Гап — элементар рақамли тартиб-интизомнинг йўқлиги ҳақида.
«Очиқ қолдирилган админ панеллар. Ёпилмаган тест режимлари. API орқали текширувсиз берилаётган маълумотлар. Код ичида қолиб кетган пароллар. Оддий қилиб айтганда, айрим давлат тизимлари эшиги ланг очиқ уйга ўхшаб қолган. Бу уйга кириш учун қулф бузиш шарт эмас. Шунчаки эшикдан калла суқилса бас», — дейди мутахассис.
Шахсий маълумот – бу сизнинг ҳаётингиз
Кўпчилик «нима бўпти, менинг маълумотимни билиб нима ҳам қила олади?” деб ўйлаши, бепарво бўлиши мумкин. Аслида, энг катта хато шу ерда. Бугун фирибгарлар одам ҳақида қанча кўп маълумот тўплай олса, уларнинг иши шунча осонлашади.
Масалан, исмингиз, ЖШШИРингиз, туғилган санангиз, паспорт рақамингиз — бу сизни ишонтириш учун етарли восита. «Сизга банкдан қўнғироқ қиляпмиз…», «Ҳисобингизда шубҳали ҳаракат бор…» деб фириб бериш мумкин. Аниқ маълумотларни эшитган одам ишонади-да. Чунки қарши томон унинг ҳақиқий маълумотларини билади.
15 миллион ўзбекистонликнинг шу каби маълумотлар ҳақиқатан ҳам оммавий тарзда тарқалган бўлса, афсуски, бу — нафақат ахборот хавфсизлиги муаммоси, балки ижтимоий хавф ҳамдир.
Масъуллар ҳамон сукутда
Қаранг, 15 миллион инсоннинг исталган шаклда фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлари дунё интернет тармоғида айланиб юрибди, лекин энг ташвишлиси шундаки, ҳозиргача ҳукумат бирор шаклда жамоатчиликка тушунтириш бермади.
Ҳа, Киберхавфсизлик маркази «ўрганяпмиз», деди. Ҳа, Статистика агентлиги «бошқа жараёнлар билан боғлиқ» деди. Ички ишлар, Ижтимоий ҳимоя агентлиги «форточка» биздан эмас, деди. Лекин одамлар ҳамон ўзини безовта қилаётган асосий саволларига жавоб олмади:
Ҳозир, ҳаётимиз хатарлими ёки йўқми?
Қайси ва қандай ҳажмдаги маълумотлар сизиб чиққан, улар кимларнинг қўлига тушиши мумкин? Бу маълумотлар ҳозир қаерда айланяпти? Энг асосийси, одамлар ҳозир ўзини қандай ҳимоя қила олади? Қандай чораларни кўриши керак?
Юқорида айтганимдек, ҳалигача мавҳум, ҳукуматнинг масъулиятсизлиги сабаб очиқ қолдирилаётган, изоҳ берилмаётган саволлар.
Ўртоқлар, сиз вазиятни изоҳсиз қолдиришда давом этаркансиз, ўтаётган ҳар бир дақиқа жамоатчилик орасида миш-миш ва қўрқувларни ошириб бормоқда. Ҳолбуки, одамлар асоссиз бир нарсани эмас, ўз маълумоти хавф остидами-йўқми — шуни билишни истайди. Сизнинг айбингиз билан юзага келган муаммо оқибатини билишни истайди. Ахборот сиёсатидаги шу сусткашлигингиз эса кибер таҳдидни виртуал муаммодан реал ижтимоий ишонч инқирозига айлантирмоқда. Сиз ҳозир, ҳимоячи эмас, 15 миллион одамга муаммога яратиб, уларни хавф қаршисида қолдириб, етмаганига тушунтиришдан қочаётган масъулиятсиз, ишончсиз томонсиз.
Киберхавфсизлик – шиор эмас, масъулият
Киберхавфсизлик — бу чиройли ном, кабинет ва ҳисобот эмас. Бу — ҳар куни, ҳар соат ишлайдиган тизим. Унда:
– доимий аудит бўлиши керак,
– заифликлар вақтида ёпилиши керак,
– ходимлар жавобгарликни ҳис қилиши керак.
Энг муҳими — жамоатчилик билан очиқ мулоқот бўлиши керак.
Токи давлат ўз фуқаролари тўғрисида миллионлаб маълумот йиғар экан, у ҳолда маълумотлар учун охиригача жавоб бериши шарт.
Хулоса
Ўзбекистоннинг ярим аҳолиси маълумотлари жиддий хавф остида қолидрган бу ҳодиса — шунчаки техник носозлик эмас. Бу — фуқароларнинг шахсий маълумотларига кириш имкони бор бўлган. Уни сақлашга масъул бўлган тузилмалардаги эҳтиётсизлик, тотал бепарволикнинг белгиси.
Одамларнинг шахсий маълумотлари — давлатнинг мулки эмас. Бу — одамларнинг ҳаёти. Ва бу ҳаётга нисбатан бепарволик — ҳеч қачон кечирилмайди. Кечирилмаслиги керак.
Томошбинларга айтар сўзим эса, ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилинг, шахсий маълумотларингизга кирадиган паролларини ўзгартиринг, номингизга онлайн кредит олишни чеклаб қўйинг. Афсуски, пайдо бўлганига 20 йиллар бўлган ўша даъват ҳамон долзарб: ўз уйингизни ўзингиз асранг.
Кўряпмизки, ҳукуматнинг киберхавфсизликка масъул идоралари ҳали бунга қодир эмас экан.
Teglar






