
Ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган реклама жойлаган кийим-кечак дўконига маъмурий иш очилди
Маълумотларга кўра, кийим-кечак дўкони рекламаси одоб-ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган тарзда жойланиб, миллий ва оилавий қадриятларга зид образ ва ибораларда берилган.

Ижтимоий тармоқларда «LADY EVA» кийим-кечак савдо дўконига тегишли реклама ролиги атрофида жамоатчилик муҳокамалари кучайди. Фойдаланувчилар реклама мазмуни одоб-ахлоқ меъёрларига мос келмаслиги, шунингдек миллий ва оилавий қадриятларга зид образ ва ибораларда берилганини танқид қилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилган. Реклама ролигининг мазмун-моҳиятини баҳолаш учун Республика Маънавият ва маърифат марказидан тегишли хулоса олинган.
Тақдим этилган хулосага кўра, «LADY EVA» кийим-кечак савдо дўконининг расмий саҳифасида жойлаштирилган реклама ролигида акс этган ҳолатлар ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид экани қайд этилган. Хусусан, рекламада қўлланган айрим образлар ва ифодалар жамоатчиликда салбий муносабат уйғотиши мумкинлиги таъкидланган.
Шу асосда Рақобат қўмитаси томонидан «LADY EVA» кийим-кечак савдо дўконининг расмий юритувчиси ҳисобланган «Шаназаров Шавкат Шаусманович» якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан қонун бузилиши ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирган. Ҳужжатлар белгиланган тартибда суд органларига юборилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасига мувофиқ, рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда реклама қонунчилигини бузган меҳмонхона жаримага тортилгани ҳақида хабар берган эдик. Рақобат қўмитаси онлайн бронлаш платформалари орқали рухсатномасиз реклама жойлаштирган меҳмонхонага нисбатан молиявий жарима қўллаган.





