
Мактабларда қоғоз кундаликлар ва журналлар жорий этилётгани ҳақидаги хабарлар рад этлди
Вазирлик рақамли таълим тизими сақланишини тасдиқлаб, мактабларда қоғоз ҳужжатларга қайтиш ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади.

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида анъанавий қоғоз кундаликлар ва синф журналлари қайта жорий этилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар расман рад этилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу мазмунда ҳеч қандай топшириқ ёки қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. Вазирликка кўра, таълим тизимида рақамлаштириш жараёнлари изчил давом этмоқда ва ортга қайтиш режалаштирилмаган.
Расмий изоҳда таъкидланишича, мамлакат мактабларида ўқувчиларнинг давомати ва фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари тўлиқ электрон шаклда юритилмоқда. Бу амалиёт давлат раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги қарори ҳамда 2019 йил 29 апрелдаги фармони асосида жорий этилган. Ҳозирда барча умумтаълим мактабларида ушбу маълумотлар «eMaktab» электрон журнал тизими орқали қайд этилади.
Вазирлик маълумотида қайд этилишича, электрон журнал ва кундаликлардан фойдаланишнинг асосий мақсади ўқитувчилар юкини камайтириш, ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишдан иборат. Шунингдек, мазкур ёндашув халқаро тажрибада ҳам самарали ечим сифатида ўзини оқлаган.
Ота-оналар учун мактаб платформаси
Айни пайтда ота-оналар учун e-maktab.uz платформасидан фойдаланишнинг бир календар йиллик обуна нархи 5 минг сўмни ташкил этади.
Электрон тизимнинг жорий этилиши натижасида ота-оналар фарзандларининг таълим жараёнини масофадан кузатиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, ўқувчиларни баҳолашда шаффофлик таъминланиб, педагоглар фаолиятидаги турли қоғозбозликлар сезиларли даражада қисқартирилгани қайд этилди.





