
Банкларда олтинни сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги фарқ сезиларли ошди
Ўзбекистон банкларида олтин қуймаларини сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархи орасидаги фарқ 2 фоиздан қарийб 5 фоизга кўтарилди.

Марказий банк 4 феврал учун олтин қуймалари нархини эълон қилди. Унда сотиш ва сотиб олиш орасидаги фарқ сезиларли кенгайган.
Регулятор белгилаган нархга кўра, банкларда 5 гр қуйма 10 077 000 сўмга, 100 гр қуйма эса 201 544 000 сўмга сотилмоқда.
Банклар томонидан олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархи сотиш нархидан қарийб 5 фоизгача пасайиб кетди.

100 гр олтин қуймани банклар ўз нархидан 4,81 фоизга камроқ, 191 854 000 сўмга сотиб олмоқда. Бу фарқ 3 февралгача атига 1.98 фоизни ташкил қилган.
2 феврал куни 100 гр олтин қуймани 197 347 000 сўмдан сотиб олиб, банкларга 193 439 000 сўмдан сотиш имкони бор эди.
Қайси банкда қанча қуйма борлигини Марказий банкнинг расмий сайтидан текшириш мумкин — Айни пайтда пойтахт бўйича “Халқ банки”нинг Яккасарой филиалида энг кўп қуйма мавжуд.
Сотиш ва сотиб олиш орасидаги фарқ сезиларли кенгайганига жаҳон бўйича олтин нархи кескин ўйнаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
29 январ куни жаҳонда олтин нархи троя унциясида (31,1 г) 5 600 долларгача кўтарилиб, тарихий рекорд ўрнатган эди. Душанба, 2 феврал куни нарх 4 450 долларгача тушиб кетди. Бу олтиннинг сўнгги йиллардаги энг тез пасайиши бўлди.
Бугун, 4 феврал куни олтин қайта 5 000 долларлик маррани кесиб ўтди. Ўсиш 6 фоиздан кўпроқни ташкил қилди ва бу 2008 йилги глобал молиявий инқироз давридан бери энг йирик кунлик ўсиш бўлди.
Умуман олганда олтин нархи геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий ноаниқлик фонида 2026 йилда ўсишда давом этиши кутилмоқда.
JPMorgan таҳлилчилари йил охиригача олтин 6 300 долларгача чиқишини прогноз қилмоқда. Аксарият таҳлилчилар ўсиш 6 000 доллардан юқори бўлишини кутмоқда.
Бироқ, кутилмалар ўз номи билан кутилма бўлиб, олтин нархини қандай бўлишини аниқ кўрсатиб беролмайди.
Йил бошида олтин нархи бўйича прогнозлар нисбатан пастроқ шаклланган эди. Масалан, Goldman Sachs таҳлилчилари олтин 2026 йил сўнггида 5 400 доллар атрофида бўлади деб кутганди. Амалда эса январдаёқ олтин 5 600 долларга чиқиб улгурди.





