
Қаззофийнинг ўғли ўлдирилди: Ливияда янги сиёсий инқироз хавфи
Ливияда Сайфулислом Қаззофий ўлими ҳақида хабарлар тарқалди. Қотиллик мамлакатдаги аллақачон мураккаб сиёсий мувозанатни яна издан чиқариши мумкин.

Ливиянинг ғарбий қисмида собиқ раҳбар Муаммар Қаззофийнинг ўғли, сиёсий арбоб Сайфулислом Қаззофий ўлдирилган. Бу ҳақда «Al Arabiya» телеканали Қаззофий оиласига яқин манбага таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, қотиллик Зинтан шаҳри яқинида содир этилган. Манбанинг айтишича, жиноятда тўрт нафар шахс иштирок этган ва улар Қаззофий боғда отиб ташланганидан сўнг зудлик билан воқеа жойидан қочиб кетган.
Ливиянинг «Al Ahrar» телеканали хабарига кўра, у Ҳамада нефт кони яқинидаги жанглар мобайнида ҳалок бўлган.
53 ёшли Сайфулислом Қаззофийнинг Ливия сиёсий мулоқот форумидаги вакили Абдулла Усмон унинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Бироқ у ҳодисанинг тафсилотлари ва қотилларнинг шахси ҳақида маълумот беришдан бош тортди.
Расмий рад этишлар
Ливия миллий бирлик ҳукумати мудофаа вазирлигига қарашли 444-жангчи бригада қотилликка алоқадорлигини қатъиян рад этди. Бригада баёнотида уларнинг Зинтан шаҳрида ҳарбий кучлари ёки жойлашуви йўқлиги таъкидланди.
Бу баёнот Ливиядаги хавфсизлик тизими парчаланган ҳолатда эканини яна бир бор кўрсатди. Турли қуролли гуруҳлар мавжудлиги ва марказий назоратнинг заифлиги сиёсий қотилликлар хавфини юқори сақлаб қолмоқда.
Ҳозирча ҳукумат томонидан расмий тергов натижалари эълон қилинмади. Шу билан бирга, қотиллик ортидан ғарбий Ливияда сиёсий кескинлик кучайиши мумкинлиги айтилмоқда.
Эҳтимолий оқибатлар
Сайфулислом Қаззофий Ливияни 1969 йилдан 42 йил давомида бошқарган Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли эди. 2011 йилда отаси ағдарилиб ўлдирилгач, Сайфулислом 2017 йилгача қамоқда ўтирган эди.
Режим қулаганидан сўнг Ливия иккига бўлинган: ғарбда БМТ томонидан тан олинган ҳукумат, шарқда эса Ливия миллий армияси назорат ўрнатган. Сайфулислом айрим даврларда сиёсий жараёнларга қайта кириши мумкин бўлган фигура сифатида баҳоланиб келаётган эди.
Унинг ўлими мамлакатдаги заиф сиёсий барқарорликни янада кучсизлантириши, шунингдек, Ливияда узоқ йиллар давом этаётган инқирознинг янги босқичига олиб келиши мумкин.





