
Саида Мирзиёева Абу-Дабида ишонч инқирози ҳақида чиқиш қилди
Ўзбекистон вакили аёллар етакчилиги глобал барқарорлик ва инсоний ҳамжиҳатликнинг асосий омилларидан бири эканини таъкидлади.

БАА пойтахти Абу Дабида Шайх Зойид номидаги «Инсоний биродарлик» халқаро мукофоти доирасида юқори даражадаги глобал форум очилди. «Инсоний биродарлик мажлиси» деб номланган анжуманда 150 нафар нуфузли иштирокчи — хорижий давлатларнинг биринчи хонумлари, Нобел мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Кўрфаз давлатлари сиёсатчилари ва сунъий интеллект этикаси бўйича олимлар қатнашди.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этиб, «Аёллар етакчилиги инсоний биродарлик марказида» мавзусидаги биринчи сессияда маъруза қилди. У чиқишида жаҳонда кучайиб бораётган ишонч инқирози шароитида аёллар ролига алоҳида эътибор қаратди.
Аёллар етакчилиги концепцияси
Саида Мирзиёева аёллар етакчилиги ва таълимга тенг ҳуқуқ инсон қадрининг асосий мезонларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш нафақат алоҳида мамлакат, балки бутун минтақада барқарор тараққиёт ва ҳамжиҳатликка хизмат қилади.
«Ўзаро ҳурмат билан йўғрилмаган ривожланиш узоққа бормайди. Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар ўртасидаги ишончга таянади», — деди у.
Мирзиёеванинг қайд этишича, бу ишонч кўп ҳолларда айнан аёллар етакчилиги орқали мустаҳкамланади.
Ўзбекистон тажрибаси
Маърузада Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ижтимоий ислоҳотлар мисол келтирилди. Аёллар учун таълим, бандлик ва ижтимоий ҳимоя имкониятларини кенгайтириш миллий тараққиётнинг муҳим қисми сифатида баҳоланди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон тажрибасини ишончга асосланган, инклюзив ва инсонпарвар сиёсат намунаси сифатида қайд этдилар. Экспертлар фикрича, Саида Мирзиёеванинг чиқиши глобал миқёсда аёллар етакчилиги мавзусини янги сиёсий ва маънавий кун тартибига олиб чиқди.





