add

Сунъий интеллектнинг сувга бўлган «ташналиги» инсонлар саломатлиги учун хавфга айланмоқда

26.01.2026 | 11:266 daqiqa

Биз ҳар сафар ChatGPT’га савол йўллаганимизда ёки СИ орқали тасвир яратганимизда, фақат электр энергиясини эмас, балки Ер юзидаги энг қиммат ресурс — ичимлик сувини ҳам билмасдан «сарфлаймиз».

Сунъий интеллектнинг сувга бўлган «ташналиги» инсонлар саломатлиги учун хавфга айланмоқда

Ҳозирда «СИ» тушунчаси билан энг кўп боғланадиган сўз — бу «пуфак» (bubble). Бироқ биз бу шунчаки иқтисодий «бомба» эмас, балки жамоат саломатлиги учун ҳам жиддий хавф эканини аста-секин англаб етяпмиз. Атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар ажралишидан ташқари, СИ маълумотлар марказларининг тоза сувга бўлган улкан эҳтиёжи санитария ҳолатини ёмонлаштириши ва яқин атрофдаги аҳолига ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса маҳаллий соғлиқни сақлаш инфратузилмасига қўшимча босим юклайди.

СИ нинг энергия истеъмоли улкан ва у тобора сувга боғлиқ бўлиб бормоқда

Янги матнлар, суратлар ва кодлар яратишга қодир бўлган генератив сунъий интеллект аллақачон бутун дунё бўйлаб аксарият одамларнинг ҳаётига кириб улгурди. Биргина ChatGPT кунига тахминан бир миллиардга яқин сўров қабул қилиши хабар қилинган, бу эса индивидуал даражадаги улкан талабдан далолат беради.

Бироқ, бу — музтоғининг фақат учи, холос. Google, Apple ва Microsoft каби компаниялар энди СИни ўзларининг асосий маҳсулотларига интеграция қилмоқда. Қидирув натижаларидан фойдаланадиган иловалар тез суръатлар билан ўз алгоритмларида СИни янги стандарт сифатида жорий этяпти. Онлайн харидлар, авиачипта ёки меҳмонхона банд қилиш бўладими — барча қидирув жараёнларида энди СИ ишлатилмоқда ва бу кўпроқ энергия талаб қилади. Мисол учун, СИ ёрдамида амалга оширилган битта Google қидируви оддий қидирувга қараганда 30 баробар кўпроқ энергия сарфлаши айтилади.

Ҳозирги вақтда саноат бу муаммога График процессорлар (GPU) ёрдамида ечим топган. Бу чиплар жуда кўп энергия талаб қилади ва ўзидан катта миқдорда иссиқлик чиқаради. GPUлардаги минглаб кичик ядролар СИ алгоритмлари томонидан бажариладиган улкан ва такрорланувчи математик ҳисоб-китобларни параллел равишда қайта ишлаш имконини берса-да, битта чипнинг ўзи 700 ваттгача энергия истеъмол қилиши мумкин. Бу дегани, атиги учта чип битта уй электр печи билан деярли бир хил миқдорда энергия сарфлайди.

Маълумотлар ишлаб чиқарадиган ушбу улкан иссиқликни совутиш учун ҳар куни юз минглаб литр чучук сув ишлатилади. Иссиқлик чиқарадиган минглаб чиплар бир-бирининг ёнига ва устига терилгани сабабли, оддий вентилятор бу ерда ёрдам бермайди. Унинг ўрнига, тизим ҳаддан ташқари қизиб кетмаслиги учун чиплар орасига ва атрофига сув ҳайдалади ёки чиплар сувга ботирилади. Буюк Британия ҳукуматининг Рақамли барқарорлик иттифоқи (Government Digital Sustainability Alliance) ҳисоботига кўра, СИ туфайли глобал сув истеъмоли 2027 йилга бориб 1,1 миллиард куб метрдан 6,6 миллиард куб метргача ошади.

Баъзи компаниялар совутиш учун денгиз сувидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, бироқ кўплаб объектларда ҳамон чучук сувдан кенг фойдаланилади. Сувни қайта ишлаш яна бир вариант, аммо бу оддий жараён эмас. Бир қанча компаниялар сувнинг умумий сарфини камайтириш учун «ёпиқ циклли тизим»дан фойдаланади. Шунга қарамай, совутиш пайтида тўпланган чанг ва минераллар вақт ўтиши билан сув сифатини ёмонлаштиради ва уни тозалашни ёки алмаштириш эҳтиёжини юзага келтиради.

СИ сабабли юзага келаётган сув танқислиги жамоат саломатлигига қандай таҳдид солади?

Дата-марказларининг сув танқислиги аллақачон мавжуд бўлган ҳудудларда жойлаштирилиши, ҳатто атроф-муҳит ифлосланиши муаммоси юзага келмасидан олдин ҳам, соғлиқни сақлаш тизимига оғир юк бўлиб тушиши мумкин. 2023 йилда Microsoft компанияси ўзи истеъмол қиладиган сувнинг 41 фоизи сув танқислиги юқори бўлган ҳудудларга тўғри келишини маълум қилган. Google эса бу кўрсаткич унинг умумий истеъмолида 15 фоизни ташкил этишини билдирган. Amazon ҳозирча бундай очиқ маълумотларни тақдим этгани йўқ.

Сув танқислиги юқумли касалликлар, тўйиб овқатланмаслик ва гигиена даражасининг пасайиши билан бевосита боғлиқлиги илмий исботланган. Бундай тадқиқотларнинг аксарияти камбағал ҳудудларга қаратилган бўлса-да, кўп ҳолларда айнан шу ерлар янги дата-марказларини қуриш учун танланмоқда. Чучук сув захираларининг камайиши маҳаллий аҳолини танлов олдида қолдиради — улар қўл ювиш, чўмилиш ёки озиқ-овқат маҳсулотларини ювишдан кўра, сувни ичиш ва овқат тайёрлаш учун сақлаб қўйишни афзал кўради. Табиийки, бу яшаш жойларини тозалаш учун ҳам сув етишмаслигига олиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хавфсиз бўлмаган ичимлик суви ҳамда ёмон санитария-гигиена шароитлари вабо, диарея ва бошқа қатор хавфли патогенларнинг тарқалишига замин яратишини таъкидлайди. Вазиятни янада оғирлаштирадиган жиҳати шундаки, сув танқислиги билан боғлиқ кўплаб касалликлар одамдан одамга осон юқади, бу эса маҳаллий даражада эпидемия хавфини оширади.

Болалар саломатлигига етадиган зарар алоҳида хавотир уйғотмоқда. Диарея касалликлари билан боғлиқ глобал юкнинг 84 фоизи беш ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади. Болаликдаги бундай инфекциялар кейинчалик уларнинг когнитив (ақлий) ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.

Ҳозирча СИ маълумотлар марказлари ва сув билан боғлиқ касалликлар ўртасида тўғридан-тўғри сабаб-оқибат боғлиқлигини келтириб чиқаришга ҳали эрта бўлса-да, мавжуд фактлар жиддий хавотирга асос бўла олади. СИ дата-марказлари маҳаллий сув захираларини сезиларли даражада камайтириши — бу факт. Сувдан фойдаланиш имконияти чекланган аҳолида ошқозон-ичак ва бошқа касалликлар хавфи юқори бўлиши ҳам — факт.

СИ марказлари бевосита касаллик тарқатяпти деб даъво қилиш ҳозирча етарли далилларга эга эмасдек туюлиши мумкин. Бироқ хавф-хатарлар аён бўлиб бораётган бир пайтда, ҳукуматлар олдини олувчи чораларни кўриш учун одамлар ўлими бошланишини кутиб ўтирмасликлари керак.

Чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли сув ифлосланишидан аллақачон шикоят қилмоқда

АҚШнинг Жоржия штати, Нютон округида Meta компанияси СИ дата-марказини қурди. Маҳаллий аҳоли ўз жўмракларидан ранги ўзгарган ва чўкиндига бой сув оқаётганидан шикоят қилиб, буни бевосита ушбу объект билан боғламоқда. Шунга ўхшаш ҳолат Файет округида ҳам кузатилган: аҳоли сувда чўкиндилар пайдо бўлиши маълумотлар маркази қурилиши билан бир вақтга тўғри келганини таъкидламоқда. Калифорниянинг Бейвью-Хантер-Поинт ҳудудида режалаштирилган янги марказ эса аллақачон экологик жиҳатдан ифлосланган ҳудудда вазиятни янада оғирлаштириши мумкинлигидан хавотирлар уйғотмоқда.

Эътиборлиси, ушбу барча ҳолатларда аҳолининг катта қисмини қора танли ва афроамерикаликлар ташкил этади. Бу ҳолат «экологик адолат» масаласини, яъни СИ инфратузилмасининг салбий оқибатлари кўпроқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар зиммасига тушаётганини очиқ кўрсатмоқда.

Сувда тўпланиб қолган қолдиқлар ўткир ошқозон-ичак касалликларидан то саратон каби сурункали ҳолатларгача бўлган турли таъсирларга олиб келиши мумкин. Микроблар заҳарланиш ва ўткир касалликларга сабаб бўлса, кимёвий қолдиқлар узоқ муддатли зарарга олиб келади ва кўпинча секин, сездирмай таъсир қилувчи хавф сифатида намоён бўлади.

Нигерия, Миср ва Жанубий Африка каби давлатларда ҳам маълумотлар марказларини қуриш режалаштирилган. Бу эса яна бир жиддий саволни ўртага ташлайди: экологик оқибатларнинг асосий юкини ким кўтаради? Баъзи Африка давлатларида тартибга солувчи органларнинг назорати сустлиги сабабли, одамлар етарли ҳимоя ёки ёрдам ололмаслиги мумкин. Кўп ҳолларда жамият учун жиддий оқибатлар ҳақидаги маълумотлар умуман ҳисоботларга кирмай қолиб кетиши хавфи бор.

Нега корпоратив ваъдалар ва давлат назорати муҳим?

Ер юзидаги жами сув захирасининг атиги 0,5 фоизи истеъмолга яроқли чучук сувдир. Сув нафақат маълумотлар марказларининг ўзи учун, балки уларни энергия билан таъминловчи электр станциялари учун ҳам зарур. Шунингдек, чиплар ва симлар ишлаб чиқариш жараёни ҳам катта миқдорда сув талаб қилади. Бу эса сув истеъмоли муаммосини шунчаки битта бино (дата-марказ) миқёсида эмас, балки бутун сунъий интеллект таъминот занжири даражасидаги глобал масала эканини англатади.

Кўплаб технологик гигантлар экологик барқарорлик бўйича ваъдалар беришмоқда. Баъзилари ҳатто «water positive» (истеъмол қилинганидан кўра кўпроқ сувни қайта тиклаш) мақомини эгаллашга интилаётганини даъво қилмоқда. Агар ушбу мақсадларга эришилган тақдирда ҳам (бу ҳали сўроқ остида), улар суви олинаётган маҳаллий аҳолига ҳақиқий фойда келтириши шарт. Бой ҳудудларни сув билан таъминлаб, Ньютон округи каби жойларда захираларни қуритиш корпоратив ҳисоботларни чиройли кўрсатиши мумкин, аммо маҳаллий аҳоли барибир унинг аччиқ оқибатларини тортаверади.

Ҳукуматлар жамоатчилик олдидаги ахлоқий мажбуриятларини бажариш учун сунъий интеллектни кенгайтириш ва маълумотлар марказларини қуриш суръатларига тезда етиб олишлари керак. Тартибга солиш жараёнлари технологик ўсишдан кўра, инсон фаровонлигини устувор деб билиши керак. Иқлим ўзгариши мисолида кўрганимиздек, назорат қилинмаган инновациялар ҳам инсонга, ҳам сайёрага тузатиб бўлмас зарар етказиш хавфини келтириб чиқаради.

 

Teglar

Mavzuga oid